Адолатли ечим: беморга 1,5 млн сўмлик дори-дармон етказилди
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бу нафақат тиббий ёрдамнинг мавжудлиги, балки унинг самарадорлиги, хавфсизлиги, бемор эҳтиёжларига мослиги ҳамда ижтимоий ҳимоя даражаси билан белгиланади. Шу боис ушбу йўналишдаги мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва адолатли ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидандир.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида истиқомат қилувчи, II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Ш.Н. соғлиғи ёмонлашгани сабабли туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кардиология бўлимига ётқизилган. Бироқ шифохонада даволанаётганига уч кун бўлишига қарамасдан, унга белгиланган ижтимоий дори-дармон воситалари билан таъминланмагани аниқланган.
Шундан сўнг фуқаро Чироқчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат белгиланган тартибда жамият ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, натижада фуқаронинг ижтимоий аҳволи, моддий имкониятлари чеклангани ҳамда дори-дармон харид қилишга қодир эмаслиги маълум бўлган. Шу асосда туман тиббиёт муассасаси масъуллари билан учрашув ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
Натижада беморга зарур бўлган 1 миллион 500 минг сўмлик дори-дармон воситалари бепул тарзда таъминлаб берилди, фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири