Адолат сари амалий қадам
Жиззахда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Президент Администрацияси, Олий суд, Бизнес-омбудсман, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг бош мақсади тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни амалиёт нуқтаи назаридан баҳолашдан иборат бўлди.
Очиқ мулоқотда 60 нафардан ортиқ адвокат, ташкилот ва корхоналар юридик хизматлари вакиллари, банк тизими мутахассислари, давлат ташкилотлари масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди. Турли соҳа вакилларининг бир майдонда жамланиши суд-ҳуқуқ амалиётида учраётган масалаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг ечими юзасидан асосланган таклифларни шакллантириш имконини берди.
Муҳокамалар давомида суд-ҳуқуқ тизимидаги долзарб муаммолар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Иштирокчилар томонидан уларни бартараф этишга қаратилган 20 дан ортиқ тизимли таклиф илгари сурилди.
Хусусан, судларда тарафлар тенглигини таъминлаш, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини ошириш, солиқ ва банкротлик муносабатларини такомиллаштириш, иқтисодий низоларни судгача ҳал этиш механизмларини ривожлантириш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ишончли муҳофаза қилиш, шунингдек, ер ва инвестиция муносабатларида ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, солиқ низолари, коммунал хизматлар соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар, давлат божини қўллаш амалиёти, реклама тўғрисидаги қонунчилик, энергия самарадорлиги, кадастр тизимидаги техник хатолар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига таъсир кўрсатаётган бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди. Бу эса тадбиркорлик муҳитига таъсир этаётган омилларни комплекс ёндашув асосида баҳолаш имконини яратди.
Эътиборли жиҳати, мулоқот давомида кўтарилган масалалар фақат мавжуд муаммоларни қайд этиш билан чекланмади. Улар амалдаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонунчиликни ҳаёт талабларига мос равишда янада ривожлантириш ҳамда давлат органлари билан бизнес ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлил қилинди.
Тадбир якунида билдирилган барча таклифлар умумлаштирилиб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида белгиланган тартибда масъул ташкилотларга киритилиши белгиланди.
[gallery-30247]
Бундай очиқ мулоқотлар давлат раҳбари белгилаб берган “инсон манфаати ва тадбиркор ҳуқуқлари — давлат сиёсати марказида” деган тамойилнинг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг асосийси, бизнес ва давлат органлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатда инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари