“Адолат“ амалий ишларга эътибор қаратади
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.
Миллий матбуот марказида ўтказилган Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.
Мурожаатнома мазмун-моҳиятини партиянинг барча бўғинларида ва депутатлар гуруҳи мажлисларида ўрганиш ва ҳар бир депутат ўзининг йиллик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши, бунда партиянинг сайловолди дастурларида белгиланган вазифалар, сайловчиларга берилган ваъдалар бажарилишига асосий урғуни қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Дори-дармонларнинг ягона электрон базасини яратиш ва шу орқали уларнинг ноқонуний айланиши, олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини ошириш бўйича механизмлар яратиш, болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолатини ўрганиш, ҳудудларнинг ривожланиши учун жалб этилаётган инвестициялар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, олий таълим муассасаларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти устидан тизимли мониторингни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилди.
– Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизнинг навбатдаги ислоҳотлар даврининг энг асосий йўналишларидан бирига айланиши лозимлиги қайд этилди. Парламент олдига ҳам соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Агзамова. – Ана шулардан келиб чиқиб, партиямизнинг ҳам ўз таклифлари ва дастурий йўналишларини белгилаб олдик.
Фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифлари доирасидаги ўрганишларда, шунингдек, қонун лойиҳалари муҳокамасида жойлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан узвий боғланган ҳолда ташкил этиш талаб этилади. Бу жараёнда фракция аъзолари жойларда муаммоларни ҳал этишда ёки мавжуд масалалардан қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишда фойдаланиш, ҳудудларни ривожлантиришга оид “Йўл харитаси“ ва дастурлар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим.
Депутатлар ва партия фаоллари юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олди.