Адлия бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Адлия вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ Кудратов Иномжон Сатторқулович Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Мазкур тайинловга қадар у Адлия вазирлиги Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келган.

Иномжон Кудратов меҳнат фаолияти давомида адлия тизимида турли масъулиятли лавозимларда ишлаб, кенг амалий тажриба тўплаган. Жумладан, у Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бўлими бошлиғи, шунингдек, вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги тизимида Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – адвокатура бўлими бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган.
2020–2025 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмитаси аъзоси ҳамда қўмита раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритиб, қонунчилик жараёнларини такомиллаштириш ва парламент назоратини кучайтириш йўналишида амалий ҳисса қўшган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири