Адибга эҳтиром
Андижон давлат педагогика институтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва публицист, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Фарид Усмон – Андижон фахри” деб номланган адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Андижон давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда шоир Фарид Усмон, институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Муҳаммаджон Парпиев, адабиётшунос олимлар, институт профессор-ўқитувчилари, ижодкорлар, талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Вахобжон қизи олтмишдан ортиқ шеърий, насрий китоблар муаллифи Фарид Усмоннинг ҳаёти ва ижоди, юксак инсоний фазилатлари, бой адабий мероси ҳамда публицистик фаолияти ҳақида гапирди.

Шунингдек, ижодкорлар, адабиётшунос олимлар томонидан Фарид Усмон ижодининг ўзбек адабиётидаги ўрни, унинг асарларида акс этган миллий руҳ, маънавий қадриятлар ва замонавий тафаккур уйғунлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда шоир шеърлари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди, ижодкор талабалар шеърларидан намуналар ўқиди, айниқса, Бобур, Навоий, улуғ тарихимиз, миллий ўзликни англаш мавзусидаги насрий асарлари мазмун-моҳияти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан устоз ижодкорга эсдалик совғалар топширилди.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА.