Адабий алоқалар сайқал топмоқда
Ҳар қандай халқнинг адабиёти ва санъати доимо қўшни халқларга кўприк бўлиб келган. Низомий Ганжавий Алишер Навоийнинг, Имомиддин Насимий Бобораҳим Машрабнинг устози бўлгани каби, Нотавон Нодираи давроннинг устози эди. Шоҳнинг қизи билан, хоннинг завжаси ғазаллари замонлар силсиласидан ўтиб, ёд олиниб қўшиқларга айланиб кетган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоираси Зулфия ҳам халқаро адабиёт саҳнасида Озарбайжон адабиёти намояндаси, халқ шоираси Марварид Дилбозий билан дўст тутинган. Ҳозирги замон адабиёти шоираси сифатида биз ҳам турк, озарбайжон адабиётига ошно бўлдик.

Камина 1980 йилда Москвада Максим Горький номли жаҳон адабиёти университети талабаси вақтимда, Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва санъати декадасига Озарбайжон халқ шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг шеърларини таржима қилдим. Таржималарим “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Тошкент оқшоми” газеталарида чоп этилгач, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов томонидан декадада ижро этилди:
Бир олманинг икки юзи,
Бири сенсан, бири мен.
Бир булоқнинг икки кўзи,
Бири сенсан, бири мен...
Таржима ва қўшиқлардан ҳайратланган Бахтиёр Ваҳобзода тадбирларда мени алқаб, дуо қилди. Йиллар ўтса-да, бу қўшиқ ҳамон тиллардан тилларга ўтиб келмоқда.

Мустақил Ватанимиз қўшниларга дарвозаларини очиб, дўстликнинг хуш нафаслари юртимизни кезганда, 2017 йил май ойида, мен уч озар шоира шеърларини ўзбек тилига ўгириб, "Адабиёт инжалари", "Келиб кўринг Астарани" ва "Аёл ва булбул" номли уч китоб тайёрлаб, шоира дугонам Хосият Бобомуродова билан Бакуга учиб бордик. Уч китобга уч шаҳарда тақдимот ўтказдик.
Шундан кейин, адабий алоқаларни бошлаб юбордик. Олти йилда 120 озар шоирининг шеърларини таржима қилиб, "Озарбайжон шеърияти антологияси"ни яратдим. "Мен шарқ қизиман" номли китобим Озарбайжонда чоп этилди. "Лайли ва Мажнун" романи, шунингдек, Озарбайжон халқ шоири Собир Рустамхонлининг достонларидан иборат китобини ўзбекчага ўгирдим.

Ҳозирда ўзбек-озар дўстлиги юксак чўққиларга чиқди. Барча соҳалар қатори адабиёт ва санъат, маданият соҳасидаги адабий алоқалар эса йил сайин янада сайқал топиб бормоқда. Ижодий ҳамкорлик, қалбдан бўлган қардошлик ришталари янги асарлар яратилишига замин яратмоқда.
Дилбар Ҳайдарова,
Ўзбекистон ва Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Дўстлик” ордени соҳиби.
ЎзА.