Абитуриент баҳоси таълим баҳосими? (+видео)
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари тугагач талабаларнинг тўплаган балларига оид айрим маълумотлар тарқалди. Мисол учун, жорий йилда жами абитуриентларнинг салкам ярми 49,4 фоизи ўтиш баллининг энг паст чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. Маълумот учун, ушбу йилда 888минг 472 нафар абитуриент тестда қатнашган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентларнинг 70,5 фоизи аввалги йилларда ўқишни тугатганлар, 29,5 фоизи жорий йилги битирувчилар бўлган.Жорий йилда мактабларни тугатган 359 минг 790 нафар ёшлар тестга кирган. Шуларнинг 36 фоизи (129 минг 609) 56,7 баллдан кам тўплашган.
Ушбу кўрсатгичларни ўтган йилги ҳолат билан таққослайдиган бўлсак, 2022 йилда 1 млн 214 минг 232 нафар абитуриент ҳужжат топширган. 395 мингдан кўпроғи ўша йилги битирувчилар бўлган. Имтиҳонларда эса 1 млн 74 мингга яқин абитуриент қатнашган, уларнинг 550 минг нафари (51,2%) ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни тўплай олмаган. Ушбу рақам ичида айнан 108 минг нафар абитуриент 2022 йилги битирувчилардир.
2023 йилда олдинги йилга нисбатан ҳужжат топширувчилар сони кескин камайганини кўриш мумкин.Жорий йилги мактаб таълими сифатига ҳудудлар кесимида қараб чиқадиган бўлсак, Бухоро, Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри кучли учталикдан ўрин олган, яъни ушбу ҳудудларда ўтиш баллини тўплаганлар 71 фоиздан тушиб кетмаган. Энг қуйи қаторда эса Сурхондарё, Тошкент ва Андижон вилоятлари ўрин эгаллаган ва бу вилоятлардаги ўтиш баллини тўплаёлмаган номзодлар 40 фоиздан юқори.
2022 йилги ҳолат билан солиштирганда Тошкент вилоятида ҳамон энг ёмон кўрсатгич қайд этилмоқда. Навоий ўтган йилга нисбатан энг яхши кўрсатгичга эришган ва ушбу йилда 69 фоиз билан етакчилар қаторида. Тошкент шаҳри таълим сифати бўйича яхшироқ ҳолатда. Хоразм 49,1 фоиз ва Самарқанд вилоятлари 49,8 фоиз кўрсатгич билан 2022 йилда яхши натижа кўрсатган ҳудудлардир. Жорий йилга қарайдиган бўлсак, Хоразмда 22 минг абитуриентнинг қарийиб 64 фоизи ўтиш баллини тўплаёлган бўлса, Самарқандда деярли 40 минг та номзотнинг салкам 63 фоизи 56,7 баллдан кўпроқ баллни қўлга киритган.
2022 - 2023 йилда республика миқёсида мактаб битирувчиларининг тест синовларидаги ўртача балл кўрсатгичи 76,1 балл этиб белгиланган ва олдинги йилларга қараганда юқори дегани.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/TNsNWzRHq94" title="Абитуриент баҳоси таълим баҳосими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.