Абдусатторов Ченнайда 4-ўринни эгаллади
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтган “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” халқаро турнирининг етти кунлик шиддатли баҳслари якунланди.
7 та турдан иборат бўлган муросасиз баҳсларда 8 нафар энг кучли шахматчилар 79 минг 500 АҚШ долларидан иборат нуфузли мусобақанинг совринли ўринлари ҳамда рейтинг очколари учун кураш олиб борди.
Кеча ўтказилган сўнгги 7-тур баҳсида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда кичик хатолик сабаб россиялик Дмитрий Андрейкинга имкониятни бой бериши ортидан 3,5 очко билан 4-ўринни эгаллади.
Халқаро мусобақанинг сўнгги турида ғолибликка асосий даъвогар франциялик Алиреза Фирузжа оқ доналарда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан муроса йўлини танлаши натижасида 4,5 очко билан турнир ғолибига айланди.

Ўз навбатида Абдусатторовдан очко тортиб олган россиялик Андрейкин иккинчи ва Аржун Эригаиси учинчи ўринларга эга чиқди.
Турнир ғолиблигига эришган Алиреза Фирузжа мусобақа низомига мувофиқ кубок ва 26 минг 500 АҚШ доллари билан тақдирланди.
Турнирда 2-поғонани банд этган Дмитрий Андрейкин 15 минг, 3-ўрин соҳиби Эригаиси 10 минг ҳамда 4-ўриндан жой олган ҳамюртмиз Нодирбек Абдусатторов 7 минг 420 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритди.
Т. Рўзиев, ЎзА