Абдулла Шер: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистон халқ шоири, чин маънода сўз заргари, файласуф, нафосатшунос олим Абдулла Шернинг тўрт жилдлик “Танланган асарлар” китобининг биринчи жилди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида ижоди – “Мени қутлаб ёнди чироқлар”, “Сурмаранг соҳилларда”, “Кўкламларни етаклаб ёзга”, “Ёнаётган йўл”, “Ёмғирлар оралаб”, “Афсун”, “Гуллаётган тош” каби китобларидан танлаб олинган шеърлари ва балладалари ўрин олган.
Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим китобга ёзган “Журъатини сўзга солган шоир” номли сўзбошисида Абдулла Шерни туйғун, шиддаткор, бироз ўжар, курашчан ижодкор сифатида эътироф этади.
“Диққат қилинса, Абдулла Шернинг ижодида турли замонавий ва мумтоз шеърий жанрлар – сарбаст, учлик, тўртлик, сонет, октава, секстинададан тортиб ғазал ва мухаммасгача бор. У “Навоий ҳақида баллада”, “Қизил шалонлар”, “Икки ўқ” сингари балладалар, “Карвон қўнғироғи”, “Йиғлаётган тош”, “Ёнаётган йўл”, “Севилмаган менинг севгилим” каби қатор достонлар ёзди... Шуларнинг ўзиёқ шоир адабий бисотининг кўламини кўрсатади” деб ёзади Баҳодир Карим.
Дарҳақиқат, Абдулла Шер ижоди ранг-баранг, серқирра. Унинг шеърларида Ғарб ва Шарқ мумтоз адабиёти оҳанглари уйғунлашиб кетгани яққол кўзга ташланиб туради.
Бу тоғлар ром этди мени, жонгинам,
Бу тоғлар ўйлатди, ўйладим сени,
Бу тоғлар сўйлатди, сўйлатдим сени,
Мен тошлар тилини ўргандим, эркам...
Шоирнинг устози Ойбек домлага бағишланган шеъридаги ушбу сатрларга эътибор беринг:
Бир сесканиб тушимдан турдим, –
Сўзга солдим журъатимни мен:
Куни кеча йўл узра кўрдим,
Ўзбекистон, сувратингни мен...
Шоир ўзи эҳтиром этган, қалби дарё устози Ойбек домлани Ўзбекистонга қиёслайди. Ва қанчалар гўзал бу ўхшатиш.
Абдулла Шернинг ижоди ҳақида бундан кўп йиллар бурун атоқли адабиётшунос, мунаққид Озод Шарафиддинов шундай деб ёзган эди:
“Бу шеърларнинг кўпчилиги ҳақиқий санъат намуналаридир. Улар юксак ғоявий-бадиий фазилатларга эга”.
Шоирнинг ўзи эса шундай ёзади:
Йиллар кетиб, келиб бир авлод,
Шеърларимни ўқир бошқача.
Оҳангимни англагай озод
Етти ёшдан етмиш ёшгача...
Абдулла Шернинг “Танланган асарлар”ини албатта, топиб ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА