Абдулла Авлоний жамиятдаги ижтимоий иллатларга қарши қандай курашган?
ХХ аср ибтидосида Туркистон заминида саҳна шунчаки бир кўнгилочар восита эмас, балки жамиятнинг илғор зиёлилари қўлидаги жаҳолатга қарши курашнинг ўткир қуроли ва миллий ўзликни англатишнинг қудратли минбарига айланди.
Уйғониш ва маърифат зарурати
Йигирманчи аср бошлари Туркистон ўлкаси учун тарихий бурилишлар ва ижтимоий зиддиятлар даври эди. Бир томондан мустамлака тузумининг ўрнатган тартиблари, иккинчи томондан асрлар давомида илдиз отган ижтимоий иллатлар, бидъат ва хурофот халқнинг тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлаётган эди. Бундай мураккаб шароитда Абдулла Авлоний каби маърифатпарвар зиёлилар майдонга чиқди. Улар миллатнинг нажот йўлини фақат ва фақат илм-маърифатда, халқнинг онгини юксалтиришда деб билдилар. Авлоний ўзининг бутун ижодий ва ижтимоий фаолиятини ана шу буюк мақсадга бағишлади. У шоир, носир, журналист, педагог сифатида қалам тебратибгина қолмай, ўз ғояларини халқ оммасига энг тез ва таъсирчан усулда етказиш воситасини излади ва уни театрда топди. Унинг учун театр қуруқ томоша эмас, балки миллатнинг дардига дармон бўлувчи, унинг кўзини очувчи “табиб” вазифасини ўташи лозим эди.
Авлонийнинг ташаббуси билан 1913 йилда ташкил этилган “Турон” номли ўзбек театр труппаси ана шу буюк мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Бу жамоа оддий ҳаваскорлар гуруҳи эмас, балки аниқ ғоя ва пухта тузилган ҳаракат режасига эга бўлган, Туркистоннинг биринчи профессионал театр жамоаси эди. 1914 йилнинг 27 февралида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан ўз фаолиятини бошлаган театр, илк кунларданоқ жамиятнинг энг ўткир ва оғриқли муаммоларини саҳнага олиб чиқишга жазм этди. Авлоний труппада нафақат ташаббускор ва раҳбар, балки драматург, режиссёр, таржимон ва ҳатто актёр сифатида фаолият юритди. У Беҳбудийнинг “Падаркуш”идаги Бой, Ҳамзанинг “Бахтсиз куёв”идаги Файзибой каби ролларни маҳорат билан ижро этиб, саҳна орқали жаҳолат ва нодонликнинг аянчли оқибатларини халққа кўрсатиб берди.
“Адвокатлик осонми?” – жамиятга қўйилган оғир ташхис
Авлонийнинг драматург сифатидаги маҳорати унинг 1916 йилда яратилган “Адвокатлик осонми?” комедиясида айниқса ёрқин намоён бўлади. Бу асар кулгили воқеалар, содда қаҳрамонларнинг ўзаро суҳбатлари орқали ўша давр Туркистон жамиятининг бутун бир фожиасини очиб ташлайди. Асар марказида Россияда ўқиб, адвокатлик касби билан ўз юртига қайтган Давронбек ва унинг ҳузурига ўз дарди билан келган арзчилар туради. Бу учрашувлар аслида эскилик ва янгилик, жаҳолат ва маърифат ўртасидаги тўқнашувнинг бадиий ифодасидир.
Арзчилардан бири Меҳринисонинг ҳикояси ўша давр аёлларининг тақдири, ҳуқуқсизлиги ва ижтимоий ҳимоясизлиги ҳақида сўзлайди. Уни ота-онасининг иродасига қарши, “ёлғон-яшиқ” мақтовлар билан бир қиморбозга мажбурлаб узатишган. Ўн беш йилдан буён эрининг зулми остида яшаб, “ичгани заҳар, кўргани жаҳаннам” бўлган бу аёлнинг дардини эшитадиган, унга ёрдам қўлини чўзадиган бирор киши йўқ. У адолат излаб қозига мурожаат қилганида ҳам, эри “маъруз, ривоятми, алланима балолар қилиб” яна уни ўз уйига қайтариб олиб келади. Маҳалланинг “ижорахўр имоми” ва “порахўр элликбошиси” эса адолат томонда эмас, балки золим эр томонида туради. Бу тасвирлар орқали Авлоний ўша давр маҳаллий бошқаруви ва адолат тизимидаги ҳақсизликни, порахўрлик ва таниш-билишчиликни фош этади.
Асардаги олти арзчидан яна бири – аравакаш Эгамбердининг воқеаси эса жамиятдаги бошқа бир иллат – манманлик, исрофгарчилик ва сохта обрў ортидан қувишнинг аччиқ меваси. У “баракаллачи”ларнинг, яъни сохта хушомадгўйларнинг гапига кириб, ўзининг ҳолига қарамасдан катта тўй қилади ва оқибатда қарзга ботиб, бор-будидан, ҳатто бошпанасидан ҳам айрилиш арафасида туради. “Эна – ўлтиришингга қараб чена”, “кўрпангга қараб оёқ узат” каби халқ мақолларини билишига қарамай, у оломоннинг ижтимоий босимига, “эл нима дейди” деган андишага енгилади. Эгамбердининг фожиаси – бу илмсизлик ва тафаккурсизлик оқибатида келиб чиққан шахсий инқироздир. Унинг “миясини еган аҳмоқ бўлмасам, “баракаллачи”ларнинг сўзига кириб, шу ҳолга тушармидим” деган пушаймони бутун бир жамиятнинг ўзини-ўзи тафтиш қилишига ундайдиган чақириқдир.
Давронбекнинг монологлари эса асарнинг мафкуравий ўзагини ташкил этади. Унинг “Бизда уй тарбияси бошлануб, хотин-қизларимиз илму маориф ила нурланмағунча бизнинг орамизда шундай кўнгилсиз ҳоллар давом этса керак” ёки “Бундай бидъат ва исрофларнинг йўқ бўлмоғи халқимизнинг маориф ва маданият ила тараққий қилмоғига боғлиқдир” деган сўзлари бутун жадидчилик ҳаракатининг дастуриламали эди. Авлоний Давронбек тимсолида жамиятни фақатгина илм, маърифат ва замонавий қонунларгина ислоҳ қила олиши мумкинлигини қатъий таъкидлайди.
Миллат юксалиши йўлида
Агар “Адвокатлик осонми?” асари жамиятга қўйилган ташхис бўлса, 1916 йилда қабул қилинган “Турон” жамиятининг “Низоми” ўша касалликларни даволашнинг режаси эди. 73 банддан иборат бу ҳужжат шунчаки бир театрнинг ички тартиб-қоидалари эмас, балки бутун бир миллатни маънавий юксалтиришга қаратилган дастур эди. Тадқиқотчи олимлар Тошпўлат Турсунов ва Шуҳрат Ризаев таъкидлаганидек, бу “Низом” ўзининг пухталиги ва жиддийлиги билан ҳатто ҳозирги замон профессионал театрларининг ҳужжатларидан ҳам устун туради.
Санъатшунос олим Сотимбой Турсунбоевнинг маълумот беришича, “Низом”нинг биринчи бандидаёқ жамиятнинг мақсадлари аниқ белгилаб қўйилган: “аҳоли ўртасида саҳна ишлари ва хайрияга жиддий муносабатни ривожлантириш”, “халқ учун спектакл кўрсатиш, унга соғлом томоша бериш” ва энг муҳими, “Туркистон ўлкаси ҳудудида яшовчи муҳтож аҳли муслимнинг моддий ва маънавий аҳволини яхшилаш учун моддий ёрдам бериш”. “Низом”га кўра, бу мақсадларни амалга ошириш учун жамиятга нафақат томошалар уюштириш, балки ўз номидан клублар, мусиқа курслари, кутубхоналар, қироатхоналар ва ҳатто бошланғич мактаблар очиш ҳуқуқи берилган.
“Низом”нинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири – бу унинг хайрия ва маърифатпарварлик йўналиши. Ҳужжатда томошалардан тушган соф фойданинг муайян қисмини муҳтожларга, айниқса, ўқувчиларга ёрдам пули сифатида бериш, иқтидорли ёшларнинг ўрта ва олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун стипендиялар ажратиш каби вазифалар белгиланган. Бу бандлар “Турон” театрининг ўз олдига фақат маданий эмас, балки улкан ижтимоий вазифаларни ҳам қўйганидан далолат беради. Авлоний ва унинг сафдошлари театрни миллатнинг ғазнасига айлантиришни, у орқали келажак авлодни ўқитиб, тарбиялашни кўзлаган эдилар. Бу, ўз моҳиятига кўра, халқнинг ўзини ўзи молиялаштирадиган, маърифат орқали юксалтирадиган ноёб бир тизим эди.
Санъатнинг жамият тараққиётидаги ўрни
Абдулла Авлоний томонидан яратилган театр ва унинг фаолиятини белгилаб берган “Низом” ХХ аср бошидаги миллий уйғониш даврининг муҳим ҳодисаларидан бири. Бу ташаббус театр шунчаки санъатнинг бир тури эмаслигини, у тўғри йўналтирилса, миллатнинг тақдирини ўзгартира оладиган қудратли ижтимоий кучга айланиши мумкинлигини кўрсатди. Авлоний ва унинг сафдошлари саҳнада жамиятнинг оғриқларини кўрсатиш билан чекланиб қолмадилар, балки ўша оғриқларни даволашнинг аниқ йўлларини ҳам таклиф этди. Улар яратган тизим – таълим ва маърифатни тарғиб қилувчи, хайрия ишларини йўлга қўювчи ва пировардида, янги, илғор фикрли авлодни тарбиялашни мақсад қилган ҳаракат эди. Бу тарихий тажриба ўзбек давлатчилиги ва маданияти тарихида санъатнинг жамият тараққиётидаги ўрни нақадар беқиёс эканини кўрсатувчи сабоқ бўлиб хизмат қилади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА