Абай абадияти
Пойтахтимизда атоқли қозоқ шоири Абай таваллуди кенг нишонланди. Эрта тонгданоқ мамлакатимизнинг ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунос олимлари, миллий маданият марказлари, Қозоғистон Республикасининг юртимиздаги элчихонаси вакиллари, адабиёт мухлислари шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Абай ижоди ҳақида қуйидаги фикрларини билдирди:
-Бугун мамлакатимизда миллатлараро тинчлик ва тотувликни, пухта ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат амалга оширилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилгани натижасида қўшни давлатлар билан ишончли муносабатлар йўлга қўйилди. Марказий Осиё ҳудудида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилгани қардош халқлар, қўшни давлатлар тараққиёти ва фаровонлигини таъминламоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси давлат раҳбарлари ташаббуслари ва амалий ишлари тимсолида ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳамдўстлик алоқалари ривожида янги давр бошланди. Тили, дини, қони бир, келиб чиқиш тарихи бир бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг маданий-адабий алоқаларини Навоий ва Абай каби мутафаккир шоирлар ворисларининг ҳамкорлик ришталари Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов, Ойбек ва Мухтор Авезов, Миртемир ва Абудулла Тожибоев, Абдулла Орипов ва Ўлжас Сулаймоновнинг жонажон дўстлиги ва қадрдонлиги билан маҳкам боғлангани, бугунги глобаллашув замонида бу дўстликнинг янада мустаҳкам бўлиши халқларимизнинг фаровонлиги ва оламнинг тинчлиги учун ниҳоятда муҳим эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бу улкан тарихий сананинг очилиш маросими бўлиб ўтгани, шу муносабат билан ўзбек маданияти, санъати ва адабиётини тарғиб этишга катта эътибор қаратилгани ҳар икки халқ қалбига улкан қувонч бағишлаганига бутун дунё гувоҳ бўлди.
2018 йилнинг 13 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани нур устига нур бўлди.

“Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун муҳим маъно ва аҳамият касб этади”.

Қарорда давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларини ўқир эканмиз, Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-муҳаббат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ўрганиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини теран англаймиз.
Ўзбекистон халқ шоири Миртемир ўз даврида қозоқ мумтоз шоири Абай ҳақида шундай шеър ёзган эди:
Олатов чўққисига қўнгандай ота бургут,
Олмаота ўртасида турибди у барҳаёт.
Гўё ҳамон элига сўйлар ҳикмат ва ўгит,
Ҳамон ўланлар тўқиб, ўқимоқда ўлмас зот.

Бугун Шарқнинг энг гўзал мегаполис шаҳарларидан бири бўлган Тошкент шаҳрининг қоқ марказида ҳам Абайнинг муҳташам ҳайкали юксак тоғнинг чўққисига қўнган бургутдай мағрур кўкрак кериб турибди. Улуғ шоирнинг ёдгорлигини шеърият ихлосмандлари ҳамда чет эллик меҳмонлар зиёрат қилаётир, ўзбек ўқувчилари кетма-кет чоп этилаётган асарларини мутолаа қилмоқда.
Тарихий қарор ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асари ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўплами нашрдан чиқди. Мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида ўтказилган учрашувлар, адабий кечаларда ушбу китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан совға қилинди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозиция ташкил этилди. Шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказилди, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танлови ташкил этилди, оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум материаллар, бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Ўзбек Миллий академик драма театрида эса ардоқли қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг тарихий романи асосида “Абай” драматик асари саҳнага қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми Тошкентда ўзбек тилида нашр этилди.

Қозоқ адабиёти дурдоналари юз жилдлик китоблар жамланмасида ўн жилддан иборат ( 72 – 81-жилдлар) асарлар қозоқ ва ўзбек китобхонларига тақдим этилди.
Ўзбек шоирлари ичидан Абайга, Қозоғистонга бағишлаб шеър ёзмаган шоир йўқ десак, муболаға бўлмас. Айни дамда Ўзбекистон Қаҳрамони устоз Абдулла Орипов дўсти Ўлжас Сулаймоновга бағишлаб ёзган “Қозоғистон” номли машҳур шеъридаги шундай сатрлар эсимизга тушади:
...Абай хикматию Навоий сози
Кўркам хонадоним муаттар этган.
Буюк яратганга бўлсин тавозе,
Удир бахтимизни баробар битган.
Дийдор бошлаб келди, қани, узат қўл!
Ўлжасим, жўлдосим, дўстим, қароғим!
Таъзим, эҳтиромим айлагил қабул,
Эй улкан қозоғим, улкан қозоғим...

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов Ўзбекистонда қозоқ адабиётига бағишланган шеърида икки қон-қардош миллатни эгизак-туғишганлар дея таърифлайди:
Меҳмон ўзи кимдир? – Абай, Жамбулдир!
Мезбон ўзи кимдир? – Жуманбулбулдир!
Фазогир Бойқўнғир меҳмондир букун,
Олим Чирчиқ эса мезбондир бугун.
Оҳангар Бекобод қилди-ю таклиф,
Маъданчи Жесқазған буюрди ташриф.
Қўшиқнинг уйига жирлар келибди,
Пахтазорга мовий қирлар келибди.
Ўзбекнинг уйида букун жонажон
Эгизак оғаси бўлмоқда меҳмон.

Бугун бу мушоирани Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро ҳамдўстлиги тараққиётининг янги даврида биз давом эттирмоқдамиз, бизнинг ёш истеъдодли авлодларимиз давом эттирмоқда.

Яқиндагина 100 нафар ёш қозоқ шоирининг шеърларидан намуналар ўзбек тилида ёш ўзбек шоирлари таржимасида нашр этилган эди. Мумтоз ва замонавий қозоқ шеърияти намояндаларидан 45 нафардан зиёд оқинларнинг шеърлари Янгибой Қўчқоров таржимасида “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” номи билан ўзбек тилида нашр этилиб, қозоқ шеърияти ихлосмандларига туҳфа этилди. Абдулла Рустамовнинг “Абай абадияти” илмий-оммабоп монографияси ўзбек тилида босмадан чиқди, Қалдибек Сейдановнинг қозоқ тилида нашр этилган “Туғишганлар” номли янги китоби эса ўзбек-қозоқ адабий алоқалари ривожига бағишлангани билан диққатга сазовор.

ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.