93 000 балиқ Қора Иртишга қўйиб юборилди
Қора Иртишда балиқларни сунъий кўпайтириш Шарқий Қозоғистонда Сибирь осётрини сақлаб қолишнинг ягона самарали усули бўлиб қолмоқда.
“Kazinform” хабарига кўра, Зайсан тумани дарё акваториясига 93 420 қиммат ёш балиқ қўйиб юборилди.
Июлдан октябргача чегарадаги Бўрон қишлоғи яқинида ўтказилган тўрт ойлик табиатни муҳофаза қилиш кампанияси давлат буюртмаси ва "Taza Qazaqstan" экологик ташаббуси доирасида молиялаштирилди. Шу давр мобайнида мутахассислар ихтисослаштирилган балиқчилик хўжаликларида етиштирилган турли ёшдаги балиқ чавоғини босқичма-босқич табиий муҳитга мослаштириб, қўйиб юборди.
Ихтиологларнинг кенг кўламли аралашуви ҳавза экотизимида юзага келган инқирозли ҳолат билан боғлиқ. Ўтган аср Иртишда йирик гидро электр станциялар қурилиши тарихий миграция йўлагини бузиб, осётрларни табиий увулдириқ ташлаш жойидан бутунлай узиб қўйган. Ҳозир дарёнинг юқори оқимидаги Сибирь осётри мустақил кўпайиш қобилиятини деярли йўқотган. Ушбу ноёб турнинг омон қолиши давлат томонидан мунтазам равишда чавоқ чиқарилишига бевосита боғлиқ.
– Сув биологик ресурсни тиклаш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва минтақа табиий мувозанатини сақлаш амалиётининг муҳим таркибий қисмидир, – дейди Шарқий Қозоғистон вилояти Табиий ресурслар ва табиатдан фойдаланишни тартибга солиш бошқармаси Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Бауржан Аубакиров. – Бундай тадбирларга ёшларни жалб этиш ҳам муҳим. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақида шунчаки эшитмасдан, балки ўзи ҳам шу жараёнда иштирок этса, болада атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли муносабат шаклланади. Ўсиб келаётган авлоднинг ҳақиқий экологик тарбияси айнан аниқ қадамлардан бошланади.
Масалан, Қора Иртишдаги экология десантига Кумаш Нургалиев номидаги лицейнинг "Жониворлар қўриқчилари" клуби тарбияланувчилари ҳам қўшилди. Мактаб ўқувчилари инспекторлар билан бирга улкан идишларда тўпланган балиқларни дарё ўзанига қўйиб юборишди.
Балиқчилик илмий-тадқиқот маркази Олтой филиали, Зайсан-Иртиш ҳавза инспекцияси экспертлари, шунингдек ўрмон хўжаликлари ходимлари компанияни илмий ва инспекция жиҳатидан қўллаб-қувватладилар.
А.Маматов, ЎзА