9 нафар боксчимиз жаҳон чемпионати ярим финалига йўл олди
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтаётган IBA жаҳон чемпионатининг чорак финал босқичи якунланди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этиб, улардан 9 нафари ярим финалга йўл олди. Жумладан, Асилбек Жалилов (–54 кг), Абдумалик Халаков (–60 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (–67 кг), Фазлиддин Эркинбоев (–75 кг), Арман Маханов (+92 кг), Ҳасанбой Дўсматов (–51 кг), Хўжаназар Нортожиев (–57 кг), Жавоҳир Умматалиев (–80 кг) ва Тўрабек Ҳабибуллаев (–92 кг) каби чарм қўлқоп усталаримиз финал остонасида жанг қиладиган бўлди.
Бу натижа орқали Ўзбекистон жаҳон чемпионатида ярим финалчилар сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади.
Ярим финалга энг кўп боксчи билан йўл олган терма жамоа Россия бўлиб, улар 13 нафар боксчи билан ушбу босқичда иштирок этса, Қозоғистон термасининг 6 нафар вакили камида бронза медалини нақд қилди. Арманистонлик 5 нафар чарм қўлқоп устаси финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА