687 миллион сўмлик дори воситалари ушлаб қолинди
Божхона органлари томонидан аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган сифати кафолатланмаган ҳамда ноқонуний муомалага киритилаётган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, “С.Нажимов” чегара божхона пости орқали мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган юк автотранспорт воситаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали божхона назоратидан ўтказилди.
Текширув жараёнида ҳайдовчи томонидан оғзаки маълум қилинмаган ва тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган товарлар борлиги аниқланди. Қўшимча кўрик давомида транспорт воситасининг юкхона қисмига яширин тарзда жойлаштирилган 2 378 қути турли хил тиббий дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар борлиги маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 687 миллион сўмни ташкил этади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай турдаги дори воситаларининг тегишли назоратдан ташқари тарзда мамлакат ҳудудига олиб кирилиши фуқаролар саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА