655 мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди
Фарғона вилоятида мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятларни фош этиш борасидаги тадбирлар янада кучайтирилгани натижасида ўтган йилда мансабдорларнинг жинояти 2021 йилга нисбатан қарийб 19 фоизга ошган. 655 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган.
Мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 245 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Жиноятларнинг аксарият қисми банк, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва умумий таълим, коллеж ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги давлат идораларида содир этилган.
Фарғона Олимпия захиралари коллежининг бош ҳисобчи вазифасида ишлаб келган Холбоев муҳандис ва ғазначи билан олдиндан жиноий тил бириктирган. 2018 йилнинг сентябрь ойидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 4 миллиард 123 миллион 787 минг сўм ортиқча иш ҳақлари ва бошқа тўловларни ҳисоблаб, мажбурий ушланмалардан ташқари жами 3 миллиард 587 миллион 695 минг 114 сўм пул маблағларини шахсий пластик картасига туширишга эришган. Жиноий йўл билан қўлга киритилган пуллар талон-торож қилинган.
Бу ҳақида вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг эллик учинчи сессияда 2022 йилда вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳудудда қонунийликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахборотида маълум қилди.
М.Сулаймонов, ЎзА