39 миллионлик Ўзбекистон! Энди давлат қаерга қанча пул ажратади?
Мамлакат аҳолиси сони аввалги жорий ҳисоб-китобларга нисбатан 810 минг нафарга кўпроқ экани маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда 39 миллиондан зиёд аҳоли яшамоқда. Улар орасида энг катта улуш Ҳиндистон фуқароларига тўғри келади — 13 минг 312 нафар. Кейинги ўринларда Россия — 10 минг 826 нафар ва Қозоғистон — 9 минг 425 нафар фуқаролар қайд этилган.
Ўзбекистонда мустақиллик тарихида биринчи марта аҳоли ва қишлоқ хўжалиги бир вақтнинг ўзида рўйхатга олинди. Миллий статистика қўмитаси эълон қилган дастлабки натижалар мамлакат ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириши мумкин. Энг қизиғи, бу маълумотлар фақат статистика учун эмас, балки келгусида қаерда янги мактаб қурилиши, қайси ҳудудда шифохона етишмаслиги ёки инфратузилмага қанча маблағ ажратилишини белгилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Энг катта янгилик — мамлакат аҳолиси сони аввалги жорий ҳисоб-китобларга нисбатан 810 минг нафарга кўпроқ экани маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда 39 миллиондан зиёд аҳоли яшамоқда. Бу юзасидан Миллий статистика қўмитаси томонидан жорий йилда мамлакатимизда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Тадбирни, кириш сўзи билан Статистика қўмитаси раиси — Беҳзод Ҳамраев очиб берди.

“Рўйхатга олиш — шунчаки маълумот йиғиш жараёни эмас. У мамлакатнинг бугунги қиёфасини холис акс эттирадиган, жамият эҳтиёжларини аниқ кўрсатадиган ва келажакдаги қарорлар учун ишончли йўналиш берадиган стратегик ахборот манбаидир" деди у, ўз нутқида.
Хўш, бу рақамлар нима учун муҳим?
Сабаби, оддий — чунки давлатнинг кўплаб қарорлари айнан аҳоли сони ва унинг қаерда яшашига қараб қабул қилинади. Янги мактаблар, боғчалар, шифохоналар, ичимлик суви тармоқлари, йўллар ва бошқа инфратузилма лойиҳалари режалаштирилаётганда айнан шу маълумотлар асос қилиб олинади. Рўйхатга олиш натижалари яна шуни кўрсатдики, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи — 54,5 фоизи шаҳарларда, қолган қисми эса қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Ёш таркиби ҳам диққатга сазовор: 21 миллиондан ортиқ аҳоли меҳнатга лаёқатли ёшда. 12 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар ҳамда қарийб 5 миллион нафар кекса фуқаро рўйхатга олинган. Бу эса келгусида иш ўринлари, таълим ва ижтимоий ҳимоя сиёсати қандай шаклланишини белгилашда муҳим омил бўлади.
Рўйхатга олиш жараёнида рақамли технологияларга катта эътибор қаратилди. Фуқароларнинг 82 фоиздан ортиғи маълумотларни онлайн тарзда тақдим этган. Қолган аҳоли эса маҳаллаларда уйма-уй юрилган ҳолда рўйхатга олинган.

Сифат назорати учун алоҳида танлама кузатув ҳам ўтказилган. Унда аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олингани қайд этилди. Мутахассислар бу натижани халқаро амалиёт нуқтаи назаридан юқори кўрсаткич сифатида баҳоламоқда.
Бундан ташқари, рўйхатга олиш нафақат аҳоли, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим маълумотларни очиб берди. Дастлабки натижаларга кўра, амалдаги экин майдонлари, боғлар, токзорлар, иссиқхоналар ва балиқчилик объектлари аввалги ҳисобларга нисбатан кўпроқ экани аниқланган. Айрим чорвачилик кўрсаткичлари эса қайта ҳисоб-китоб қилинишига эҳтиёж борлигини кўрсатган.
Мутахассисларга кўра, бу рақамлар энди шунчаки архив учун сақланмайди. Улар давлат дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш режалари, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қабул қилинадиган қарорларнинг асосига айланади.

Рўйхатга олиш натижалари тил ва миллатлар таркиби бўйича ҳам қизиқарли маълумотларни очиқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат аҳолисининг 89,4 фоизини этник ўзбеклар ташкил этган. Шу билан бирга, 35 миллион 700 минг нафар, яъни аҳолининг 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан 1,9 фоиз бандига юқори экани қайд этилди.

Яна бир эътиборли жиҳат — Ўзбекистонда бир йилдан ортиқ вақтдан бери яшаб келаётган 56 минг 860 нафар хорижий фуқаро ҳам рўйхатга олинган. Уларнинг 19 минг 300 нафари Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Мамлакатимизда яшовчи хорижликлар орасида энг катта улуш Ҳиндистон фуқароларига тўғри келади — 13 минг 312 нафар. Кейинги ўринларда Россия — 10 минг 826 нафар ва Қозоғистон — 9 минг 425 нафар фуқаролар қайд этилган.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Дониёр Якубов, ЎзА