35 йиллик йўл: халқаро майдондаги мустаҳкам мавқе ва глобал ташаббуслар
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги — тарихан қисқа, бироқ халқимиз ҳаётида улкан туб ўзгаришларга бой давр бўлди. Шу йиллар давомида мамлакатимиз давлатчилик асосларини мустаҳкамлабгина қолмай, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллади ҳамда глобал сиёсий ва ҳуқуқий маконда ўз овозига эга давлатга айланди.
Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда фақат белгиланган қоидаларга риоя қилувчи иштирокчи эмас, балки долзарб глобал ва минтақавий масалалар бўйича самарали ташаббусларни илгари сураётган, халқаро ҳужжатлар қабул қилинишига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол субъект сифатида эътироф этилмоқда.
Мустақилликдан халқаро эътирофгача
Мустақил давлат бўлиш — аввало, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлиш демакдир. Бироқ замонавий дунёда давлатнинг тўлақонли халқаро субъект сифатида шаклланиши халқаро ҳамжамият билан фаол ва кўп томонлама муносабатлар ўрнатиши билан чамбарчас боғлиқ.
1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди. 1992 йил 2 мартда эса мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Бу тарихий воқеа Республика статусини халқаро ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, шунингдек, халқаро шартномалар тизимида тўлақонли иштирок этиш учун кенг имкониятлар очиб берди.
Илк йиллар: мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор

Мустақилликнинг дастлабки йилларида янги давлат олдида бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик вазифалар турган эди: суверенитетни мустаҳкамлаш, халқаро эътирофга эришиш, ташқи сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш.
1992–2016 йиллар даври Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий субъектлиги шаклланган ҳамда институционал жиҳатдан мустаҳкамланган босқич бўлди. Бу даврда хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар йўлга қўйилди, кўплаб халқаро ташкилотлар ва шартномаларга аъзо бўлинди.
Агар дастлабки босқичда асосий эътибор халқаро тизимга интеграциялашувга қаратилган бўлса, кейинчалик ҳамкорлик геостратегик даражага кўтарилди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш натижасида дипломатик алоқалар ўрнатилган мамлакатлар сони 144 тадан 164 тага етказилди. 2026 йил апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистон 168 давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган бўлиб, бу БМТга аъзо мамлакатларнинг қарийб 87 фоизини ташкил этади. Хориждаги дипломатик ваколатхоналар тармоғи эса 56 тага етди.
2016 йилдан кейин: янги давр ва ташаббускорлик
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида очиқлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли прагматик ҳамкорлик тамойиллари устувор йўналишга айланди. Мамлакатимиз халқаро муносабатларда ташаббускор субъект сифатида намоён бўла бошлади. Бу ҳолат БМТ Бош Ассамблеяси ва унинг тузилмалари доирасида қабул қилинган резолюцияларда ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон ташаббуслари — глобал кун тартибида
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан БМТ доирасида бир қатор муҳим резолюциялар бир овоздан қабул қилинди:
· 2018 йил 22 июнь: “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни беркитиш” резолюцияси;
· 2018 йил декабрь: 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси;
· 2021 йил: Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция (шу билан бирга БМТнинг Кўп шериклик траст фонди ташкил этилди);
· 2021 йил октабр: БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг CОВИД-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсирига бағишланган резолюцияси (37 давлат ҳаммуаллифлигида);
· 2022 йил: “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик” махсус резолюцияси;
· 2025 йил 29 апрель: 29 апрелни “Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция (80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлигида);
· 2026 йил 24 июль: Парламентларнинг ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришдаги ролини кучайтиришга қаратилган резолюция (61 давлат ҳаммуаллифлигида).
Рақамлар ва стратегик истиқбол
Эришилган натижалар нафақат дипломатик статистикада, балки Ўзбекистоннинг глобал даражадаги сиёсий-ҳуқуқий нуфузи ошганида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, илгари сурилган халқаро ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш, дипломатик ваколатхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва миллий қонунчиликни халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сонли Фармони билан «Ўзбекистон — 2030» стратегияси янгиланган таҳрирда ва 2030 йилгача бўлган давр учун тасдиқланди. Ҳужжатда халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланиши мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва ҳуқуқий салоҳиятини оширишга қаратилган узоқ муддатли мақсадлар мавжудлигидан далолат беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилувчи, глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этаётган ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган ишончли ҳамкордир.
Маҳиннора МИРҲАМИДОВА,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кафедра доценти