335,3 миллиард сўмлик зарар: энергия ресурслари талон-торожига қарши кураш нега кутилган натижани бермаяпти?
Энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб назорат тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бироқ олиб борилаётган профилактик ишлар ва кучайтирилган назоратга қарамай, электр энергияси ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-май ойларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 1 минг 427 та ҳолат аниқланган. Текширувлар натижасида 108,4 миллион кВт⋅соат электр энергияси ва 47,5 миллион метр куб табиий газ ноқонуний равишда истеъмол қилингани маълум бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарликлар оқибатида етказилган умумий зарар 335,3 миллиард сўмни ташкил этган. Шундан 201,5 миллиард сўм электр энергияси, 133,8 миллиард сўм эса табиий газ ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан 2 минг 593 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Ваколатли идоралар томонидан қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Таъкидлаш керакки, энергия ресурсларини талон-торож қилиш нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки энергия таъминоти тизимининг барқарор ишлашига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис истеъмолчиларни қонун талабларига риоя қилишга чақириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда жавобгарлик чораларини мустаҳкамлаш бу борадаги муҳим вазифалардан бири.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА