2,9 миллиард сўмлик маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига чек қўйилди
Коррупцияга қарши курашиш ва очиқликни таъминлаш ҳар қандай давлат ташкилоти учун муҳим аҳамиятга эга. “Иссиқлик электр станциялари” АЖда ҳам 2026 йилнинг биринчи чорагида бу йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Баҳодир Нишонхўжаев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Ташкилотимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари, қарорлари асосида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини тизимли амалга ошириб келинмоқда.
Шунга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида коррупцияга қарши курашиш соҳасида 16 та семинар-тренинг ва давра суҳбати, шунингдек, 12 та профилактик тадбир ўтказилди. Тизим корхоналарида очиқликни таъминлаш, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш, муаммоли масалаларга жойида ечим топиш, мурожаатларнинг манзиллилигини таъминлаш ва мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида 3 та очиқ ва сайёр қабуллар ташкил этилди.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича 5728 нафар ходим орасида йиллик декларация тўлдириш тадбирлари ўтказилди. Шундан 343 та ҳолатда эҳтимолий, 3 та ҳолатда эса мавжуд манфаатлар тўқнашувига алоқадор муносабатлар аниқланиб, тартибга солинди.
Давлат харидлари йўналишида “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари билан умумий қиймати 2,9 милллиард сўм миқдоридаги маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши олди олинди.
Жорий йилда жамиятнинг 202 нафар раҳбар ва масъул ходимлари, комплаенс тизими масъуллари ҳамда янги ишга қабул қилинган мутахассислари “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида онлайн ўқитилиши режалаштирилди ва мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тақдим этилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси томонидан онлайн алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган 3 та мурожаат кўриб чиқилди. Барча ҳолатлар юзасидан тегишли ўрганишлар олиб борилди.
Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг биринчи чорагида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар ташкилотда очиқ ва шаффоф муҳитни ривожлантириш, манфаатлар тўқнашувини камайтириш ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА