2025 йилда 642 мингдан ортиқ хотин-қизга субсидиялар ажратилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 2025 йилда бюджет маблағларидан фойдаланиш, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторлари ижроси, коррупциянинг олдини олиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, 2025 йил давомида республика миқёсида белгиланган индикаторлар асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича қатор мақсадли ишлар амалга оширилган. Жами харажатлар режаси 55 млрд. сўм этиб белгиланган бўлиб, амалда 51,3 млрд сўм ўзлаштирилган.

Олий таълимда таҳсил олаётган талабалар орасида хотин-қизлар улушини ошириш индикатори бўйича режа 52,3 фоиз этиб белгиланиб, амалда бу кўрсаткич 54 фоизга етказилган ва ижро 103,3 фоизни ташкил этган.
Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш бўйича 642 минг 89 нафар хотин-қиз қамраб олинган.

Муҳокамалар давомида қўмитанинг самарадорлик кўрсаткичлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Депутатлар ҳудудларда маҳаллалар кесимида хотин-қизлар фаолларининг иш самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан ишлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан таклифлар берди.
М. Комилова,ЎзА