2 минг 469 та экологик ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экологик назорат гуруҳи (Экополиция) ҳамда шаҳар ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида давлат экологик назорат, аниқланган ҳуқуқбузарликлар, белгиланган маъмурий жарималар, ҳисобланган табиатга етказилган зарарлар ҳамда уларни ундириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Экология назорати гуруҳи ҳамда шаҳар ва туман бўлимларида 83 нафар давлат инспектори фаолият юритади. Улар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аниқлаш, шунингдек, экологик қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида давлат экологик назорати ва профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида экологик қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан амалга оширилган давлат экологик назорати тадбирлари натижасида ҳудудда жами 2 минг 469 та экологик ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Шундан 2 минг 444 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича 2 миллиард 972 миллион 402 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. 25 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича тўпланган иш ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун суд органларига юборилди.

Атроф-муҳитга етказилган зарарга келсак, жами 149 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича 731 миллион 708 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланди. Шундан бугунги кун ҳолатига 90 та ҳолат бўйича 204 миллион 438 минг сўм миқдоридаги зарарнинг ўрни қопланиши таъминланди.
Жумладан, экополиция инспекторлари томонидан навбатдаги тезкор рейд тадбири давомида Тахтакўпир тумани ҳудудида жойлашган “Уч-кук” кўлида Элликқалъа тумани “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Д.У. ва “Ақчакул” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Й.Ш.лар томонидан қонунбузарлик содир этилаётгани аниқланди. Улар ўзлари билан олиб келган 1 дона резина қайиқ ҳамда 5х5 ўлчамдаги, ҳар бири 50 метр узунликдаги 6 дона тақиқланган сунъий синтетик толадан тайёрланган тўр ёрдамида ноқонуний равишда 41 дона зоғора балиқ, 1 дона оқ сила, 14 дона кумуш товон, 4 дона Орол чавоқ балиқ, 8 дона илонбош балиғини овлаш натижасида табиатга 109 миллион 592 минг сўм зарар келтиргани аниқланди.

Беруний тумани "Лолазор" овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги давлат захира еридан фуқаро А.Қ. томонидан фойдали қазилмалар, яъни қум-шағал аралашмасини ноқонуний тарзда, ҳеч қандай рухсатномасиз қазиб олаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 8 миллион 240 минг сўм миқдорида жарима ва табиатга етказилган зарар учун 15 миллион 490,5 минг сўм миқдорида даъво белгиланди.
Шунингдек, Экополициянинг Қонликўл тумани бўлими томонидан ўтказилган рейд давомида фуқаро А.Н. томонидан ноқонуний равишда ҳеч қандай рухсатсиз қизил мия ўсимлик илдизларини қазиб олганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79¹-1-қисми билан 1 миллион 236 минг сўм жарима ва табиатга келтирилган зарар учун 5 миллион 850 минг 400 сўм даъво белгиланди.
Атроф-муҳитга етказилган зарарга келсак, жами 149 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича 731 миллион 708 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланган, шундан бугунги кун ҳолатига 90 та ҳолат бўйича 204 миллион 438 минг сўм миқдоридаги зарарнинг ўрни қопланиши таъминланган.
Ўтказилган таҳлиллар айрим ҳудудларда назорат тадбирлари кўламини кенгайтириш, профилактик ишларни кучайтириш ва аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича пировард натижадорликни ошириш зарурлигини кўрсатди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири