150 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилди
Гулистон шаҳри Намуна маҳалласида жойлашган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди.
1978 йилда қурилган мазкур бино давлатимиз раҳбари томонидан Сирдарё вилояти инфратузилмасини яхшилашга қаратилган қарор асосида тўлиқ реконструкция қилинди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Дониёр уста Али ҳамкор” МЧЖ томонидан амалга оширилиб, лойиҳанинг умумий қиймати 4,6 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада муассасанинг қуввати 90 ўриндан 150 ўрингача оширилди.
Янгиланган боғчада болалар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Замонавий жиҳозланган гуруҳ хоналари, ўйин ва машғулот майдончалари, ўқув-тарбия жараёни учун қулай муҳит шакллантирилган. Муассасада 5 та гуруҳ фаолият юритиб, болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган машғулотлар ташкил этилган.
Хусусан, ментал арифметика, гимнастика каби замонавий машғулотлар билан бир қаторда, қизлар учун “Зумрадойлар”, ўғил болалар учун эса карате тўгараклари йўлга қўйилган.
Муассасада жами 13 нафар ходим фаолият юритиб, уларнинг барчаси олий маълумотли педагог мутахассислар ҳисобланади. Жумладан, 6 нафар тарбиячи болалар таълим-тарбияси билан шуғулланмоқда.
– Илгари бино эскилиги сабабли гуруҳ хоналари тор, иситиш ва жиҳозлаш тизими талаб даражасида эмас эди. Қайта таъмирлашдан сўнг боғчамиз мутлақо янги қиёфага кирди. Ҳозир кенг ва ёруғ хоналар, замонавий мебеллар, қулай ўйин ва машғулот майдончалари болаларимиз хизматида. Энг муҳими, қувватимиз 90 ўриндан 150 ўрингача оширилиб, янада кўпроқ болажонларни қамраб олиш имкониятига эга бўлдик. Шунингдек, ментал арифметика, гимнастика, карате каби қўшимча тўгараклар йўлга қўйилди. Бу эса болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилмоқда, — дейди муассаса раҳбари Юлдуз Умирова.
[gallery-29128]
Тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маҳмуд Мамарасулов, маҳалла раиси, фаоллар ва ота-оналар иштирок этиб, янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши ҳудудда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Янги қиёфадаги ушбу муассаса болажонлар учун замонавий ва хавфсиз таълим муҳитини таъминлаб, уларнинг баркамол камол топишига хизмат қилиши. шубҳасиз.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА