10 минг қути ноқонуний тамаки савдоси фош этилди: 41,2 миллион сўмлик жиноий жарима тўлиқ ундирилди
Халқимизда «Ноқонуний иш келтирар ташвиш» деган нақл бежиз айтилмаган. Қонун талабларини четлаб ўтиб, осон даромад топишга уриниш охир-оқибат жавобгарликка олиб келади.
Фуқаро Б.О. ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган, акциз маркаси мавжуд бўлмаган 10 000 қути тамаки маҳсулотини муомалага чиқаришга уринган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мазкур қонунбузарлик ўз вақтида аниқланиб, ноқонуний маҳсулотларнинг муомалага киритилишига чек қўйилди.
Жиноят иши судда кўриб чиқилиб, суд ҳукмига мувофиқ:
акциз маркаси мавжуд бўлмаган тамаки маҳсулотлари йўқ қилиниши;
фуқаро Б.О.га 41 миллион 200 минг сўм миқдорида жиноий жарима тайинланиши белгиланди.

Суднинг ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Янги Наманган туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочилари томонидан белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари олиб борилди. Натижада жиноий жарима маблағи тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжатларининг ижроси тўлиқ таъминланди.
Қонунга хилоф равишда акциз маркаси мавжуд бўлмаган тамаки маҳсулотларини сақлаш, ташиш ёки сотиш нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Шу боис ҳар бир фуқаро қонун талабларига амал қилиши, тадбиркорлик фаолиятини фақат қонуний асосларда юритиши муҳимдир.
Ҳамроз Баёнов
ЎзА