Зулфия – матонатли шоира, садоқат қаҳкашони
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова баҳорнинг илк кунида туғилган.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова баҳорнинг илк кунида туғилган. Бу йил шоира таваллудининг 105 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида ”Ўзбекнинг матонатли шоираси” деб номланган адабий-бадиий кеча ташкил этди.
Зулфиянинг ўзи ўқиган шеърлари қўйиб эшиттирилди, ибратли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинди. Мактаб-интернатнинг иқтидорли қизлари шоира ижодидан намуналар ўқиди, шеърлари билан айтилган қўшиқлар куйланди.

Тадбирда Зулфиянинг брайль ёзувида чоп этилган “Шалола” шеърлар тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди.
Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси босмахонасида чоп этилган бу китобни барча ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатларига туҳфа қилиш режалаштирилган.