“Зукко китобхон” жамоалари аниқланди
Андижон шаҳридаги Ёшлар саройида маҳалла ёшлари етакчилари жамоалари ўртасида ўтказилаётган “Зукко китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маҳаллаларда иш олиб бораётган ёшлар етакчиларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида ижодий рақобатни ривожлантириш, илғор ва фаол етакчиларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган “Етакчилар спартакиадаси” доирасида ташкил этилган “Зукко китобхон” танловининг вилоят босқичида маҳаллаларнинг энг фаол китобхон ёшлар етакчиларидан тузилган туман, шаҳар жамоалари иштирок этди.
[gallery-20816]
– Ёшлар, хусусан, ёшлар етакчилари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган танловнинг туман, шаҳар босқичларида ҳам ёшлар етакчилари фаол иштирок этди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Назирахон Убайдуллаева. – Танловнинг вилоят босқичида уларнинг энг илғорларидан тузилган жамоалар ўзларининг китобхонлик борасидаги билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
Белгиланган шартлар бўйича қизғин ва муросасиз баҳслар, савол-жавоблар асосида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон шаҳар ёшлар етакчилари жамоаси 1- ўринни қўлга киритди.
Танловда иккинчи ўрин Балиқчи тумани, учинчи ўрин эса Хўжаобод тумани жамоаларига насиб этди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари