Зоминда янги аэропорт иш бошлади
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 32 йиллиги кенг нишонланаётган бугунги шодиёна кунларда Жиззах вилоятининг Зомин тумани “Лайлак уя” массиви ҳудудида “Зомин” аэропорти қурилиб фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда вилоят ва туман ҳокимликлари, секторлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жорий йилнинг 24 июль куни ушбу аэропортга мамлакатимиз пойтахти – Тошкентдан илк самолёт парвози амалга оширилгани ва мазкур объектда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётгани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берган эди.

Президентимизнинг 2022 йил 26 октябрдаги “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 412-сонли қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш, минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилиб, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди ва бунинг самарасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги шарафига Зомин туманидаги “Лайлак уя” массивида “Зомин” аэропорти қурилиб фойдаланишга топширилди. Энди авиақатновлар изчиллиги белгиланган жадвал асосида йўлга қўйилади.

“Зомин” аэропортининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган расмий очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса кейинги етти йилда Жиззах вилоятида, жумладан Зомин туманида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, аҳолига яратилган қулайликлар хусусида тўхталиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Зомин аҳолиси даромадининг кўпайишига хизмат қилади. Зеро лойиҳа ортидан маҳаллий аҳоли ишлаб, даромад топадиган кўплаб инфратузилмалар, жумладан, умумий овқатланиш, транспорт, миллий сувенирлар, таомлар, кийимлар савдоси, ресторан, кафе, меҳмонхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари ривожлантирилади ҳамда янги иш ўринлари яратилади, – деди Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев.

“Тресс– 001” қурилиш ташкилоти томонидан бунёд этилган “Зомин” аэропорти 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминалига эга бўлиб, қуриш учун 60 гектар ер майдони ажратилган. Объектда жами 200 дан зиёд ишчи ходимлар ва 110 махсус транспорт воситалари жалб этилиб, кенг қамровдаги бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етмоқда.
Шунингдек, ҳозирда аэропорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникацияси, учиш-қўниш, ҳаракатланиш йўлаклари ва перронни лойиҳалаш ҳамда қурилиш, учиш ва қўнишни таъминлаш бўйича радио ва аэронавигация ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш ва эксплуатация қилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Ташқи ва ички туризм соҳасининг энг муҳим ва эътибор талаб этадиган муҳим жиҳатлардан бири – бу транспорт инфратузилмасидир. Бетакрор гўзалликка эга Зоминга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун транспорт инфратузилмасининг қанчалик даражада қулай ва самарали бўлиши, уларнинг саёҳат давомийлигини узайтиришига сабаб бўлади.
Ёдингизда бўлса, 2022 йилнинг 5 октябридан бошлаб Зомин туманининг Даштобод шаҳарчаси темир йўл бекатига “Афросиёб” тезюрар поезди тўхтаб ўтиши ташкил этилгани ҳамда яқиндагина, замонавий дор йўли фойдаланишга топширилгани ҳақида ҳам ЎзА хабар тарқатган эди.
Булардан ташқари, “Зомин” туристик-рекреацион зонасининг бош режасига мувофиқ ҳудудда дастлабки қиймати 2 триллион 800 миллиард сўмлик бўлган 225 ўринли анжуманлар саройи, оилавий кўнгил очар маркази, 4 та тўрт юлдузли, 7 та уч юлдузли меҳмонхоналар, 6 та апартамент уйлари, 7 та ресторан ва кафелар, 8 километрли тоғ чанғи учиш трассаси, 13 та аттракционлар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда, “Суффа” платосида тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан 3 та замонавий 360 ўринли меҳмонхонани қурилиш ишлари якунига етганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Зомин туманига сайёҳларнинг келиб-кетишлари ва мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун қўшимча қулайлик яратилган бўлса, бугун фойдаланишга топширилаётган аэропорт ва авиақатновлар орқали республикамизнинг олис ҳудудларидан маҳаллий сайёҳларни, пойтахт Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларимиздан хорижий сайёҳлар гуруҳларининг келишларини самарали ташкил этиш имконияти яратилади.
Мухтасар қилиб айтганда, “Зомин” аэропортининг фойдаланишга топширилиши, жиззахликлар ҳамда ички ва ташқи сайёҳлар учун мамлакатимиз мустақиллиги тантаналари кунлари муносиб байрам туҳфаси бўлди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА