Зиёлилар ва талабалар учрашуви
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали” доирасида юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ижодкорлари профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, таниқли шоира Зулфия Мўминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Баҳодир Нишонов, Дилфуза Раҳимовалар ҳаётий ўгитлар асосида ёшларга чуқур билим олишнинг нечоғли муҳимлиги ҳақида маслаҳатлар беришди.
Тадбир давомида университет кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бир қатор китоблар совға қилинди. Элимиз суйган санъаткорларнинг қўшиқлари даврага ўзгача файз киритди.
– Фестиваль доирасидаги учрашувларда кўп бора таъкидланаётган мавзулардан бири бу она тили масаласи саналади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид. – Тил бу бизнинг жонимиз, руҳимиз. Соғуний ҳазратлари айтганларидек, тилсиз миллат сифатида йўқ бўлиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун ёшлар қалбида тилга нисбатан меҳрни янада юксалтиришимиз керак. “Навоий менинг бобом”, “Беруний менинг бобом” дейишнинг ўзи камлик қилади. Уларга муносиб бўлиш учун ҳар бир соҳада чуқур илм эгаллашимиз лозим. Дарҳақиқат, ҳар бир ижодкор учун янги шеърлар, янги қўшиқлар, аввало, турли инсонлар билан мулоқот жараёнида пайдо бўлади. Бир неча кундан буён Қизилқумнинг чекка овулларида, вилоятнинг бир қарор туманларида бўлиб, шеъриятда, санъатда иқтидори юқори бўлган кишиларни, айниқса, ёшларни кашф этяпмиз. Бу каби учрашувларнинг самараси ҳам ана шунда.
– Оила жамиятнинг, давлатнинг, сиёсатнинг пойдевори, – дейди фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова. – Бугунги фестивалнинг асосий мақсадларидан бири ҳам жойларда, маҳаллаларда оилалар билан учрашиш, уларнинг аҳволи билан яқиндан танишиш, жонли мулоқот олиб бориш, зиё тарқатишдир. Оилада ота-она китоб ўқиса, фарзанд ҳам албатта, китобхон бўлади. Қўлни-қўлга бериб, бир-биримиздан куч олайлик азиз, ёшлар. Ана шунда ягона халқ сифатида Учинчи Ренессансга қўйган қадамимиз бардавом бўлади, олдимиздаги барча мақсадларга эришамиз.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фестивалда пойтахтдан ташриф буюрган 150 нафардан ортиқ зиёлилар, олимлар, ижодкорлар, таниқли санъаткорлар вилоятнинг барча ҳудудида бўлиб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда. Маҳаллаларда, маданият уйлари ва таълим муассасаларида тадбирлар давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА