Зироат Мирзиёева сардобаликлар ҳузурида
Ташриф чоғида Зироат Мирзиёевага унинг қизи Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.
Президентимизнинг жуфти ҳалоли, мамлакатимиздаги “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Сардоба сув омбори тошқини натижасида зарар кўриб, вилоятнинг бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган фуқаролар ҳолидан хабар олди.
Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимилиги Ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф чоғида Зироат Мирзиёевага унинг қизи Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Ўзбекистоннинг биринчи хоними З.Мирзиёева ташриф давомида тошқин туфайли вақтинча эвакуацияда бўлиб турган фуқаролар билан гаплашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва “Замин” фонди ҳамкорлигида эълон қилинган ижтимоий лойиҳа Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги сув тошқинидан зарар кўрган 11 қишлоқда истиқомат қилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Тошқиндан талофат кўрган ҳудудларни қайта тиклаш ва улкан қурилиш ишлари кетаётган бир пайтда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказилишини таъминлаш мақсадида ёши 60 дан ошган фуқароларга 10 кун давомида пойтахт, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги сиҳатгоҳ ва дам олиш масканларида навбатма-навбат ҳордиқ чиқаришлари учун, 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар эса ёзги болалар дам олиш оромгоҳларига бепул ташкил этилиши режалаштирилди.
Тез орада, яъни карантин талабларини инобатга олган ҳолда, дам олишга боришни хоҳлаган барча иштирокчилар COVID – 19 тест-текширувидан ўтказилиб, ижобий хулосалар олингач, сиҳатгоҳ ва дам олиш масканлари учун йўлланмалар ўз эгаларига тарқатилади.