Ўзим танлаган номзодга такроран овоз бердим
Яккабоғ туманидаги 56-Чайдари сайлов округига қарашли 669-сайлов участкасида ҳам такрорий овоз бериш жараёни кўтаринки руҳда бошланди.
Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 133-Шаҳрисабз, 134-Яккабоғ ва 135-Ғузор сайлов округлари, Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 11-Деҳқонобод, 31-Янгиобод, 48-Жар, 56-Чайдари, 57-Қўшчинор, 58-Қишлиқ сайлов округларида сайловчилар такрорий овоз бермоқда.
Яккабоғ туманидаги 56-Чайдари сайлов округига қарашли 669-сайлов участкасида ҳам такрорий овоз бериш жараёни кўтаринки руҳда бошланди. Мазкур сайлов участкасида сайловчилар учун барча шароитлар яратилган. Участка раиси Нурбек Эшқобиловнинг таъкидлашича, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 500 нафари ҳозиргача овоз берган.
– Сайловларда биринчи марта қатнашишим, – дейди Хайриддин Бобоназаров. – Лекин таассуротларим катта. Аҳоли вакиллари ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. 2019 йил 22 декабр куни ўтказилган сайловда ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бергандим. Бугун ўша номзодга яна такрорий овоз бердим. Мана шуни ўзи ҳам сайлов жараёнлари адолатли мезонлар асосида ўтаётганидан дарак беради.
Ғузор туманидаги 95-сайлов участкаси ҳам сайловчилар билан гавжум. Рўйхатдан ўтган сайловчилар ўз фуқаролик позициясини сидқидилдан бажариш ва муносиб номзодга овоз бериш учун қатнашмоқда. Улардан бирини суҳбатга чорладик.
– Оила аъзоларимиз билан такрорий овоз бериш жараёнида ҳам фаол қатнашиб, муносиб деб билган номзодга овоз бердик, – дейди Нодир Бекмуродов. – Ўзим педагогман. Бир неча йиллардан буён халқимизнинг фарзандларига таълим-тарбия бераман. Ушбу сиёсий жараён кейинги фаолиятимиз учун ҳам муҳим ўрин тутади. Сайланган депутатлар келгусида фарзандларимизга сифатли таълим бериш, улар учун жойларда етарлича шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам муҳим таклифлар билан чиқишади, деган умиддаман.
Ғузор туманидаги 135-Ғузор сайлов округига қарашли 96-сайлов участкасида 2 мингдан ортиқ сайловчилар бугун такрорий сайловларда иштирок этиши мўлжалламоқда. Айни пайтга қадар сайловчиларнинг 25-30 фоизи такрорий овоз бериш жараёнида қатнашиб бўлди.
– Ушбу сайлов келажакка қўйилган қадамдир, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Суннатжон Қурбонов. – Жорий сайловларда биринчи марта иштирок этишим. Ўқиш давомида кўплаб номзодларнинг сайловолди ташвиқот тадбирларида қатнашдим. Сиёсий билимим анчагина ошди. Шу боис бугунги такрорий овоз бериш жараёнига ҳам шахсан ўзим келиб, муносиб деб билган номзодимга овоз бердим.
Сайлов жараёни давом этмоқда.