Зиддият давом этар экан, НАТОга йўл йўқ!
Россия-Украина
АҚШ президентлигига номзодини илгари сурган собиқ вице-президент Майк Пенс айтишича, 11-12 июлга белгиланган Вильнюс саммитида Украина инқирози тугагач, Киев НАТОга кириш учун таклиф бериши мумкинлиги ҳақида гап боради.
“CBS” телеканалига интервьюсида у америкалик аскарлар Украинага жўнатилишга қарши чиқишини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга Украинага ҳарбий ёрдам давом этиши лозимлигини ҳам билдирди.
Беларусь Украинадаги вазият бўйича музокара ўтказиш учун давлатлар орасида биринчи бўлиб навбатда туради. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири ўринбосари Юрий Амбразевич маълум қилди. Унинг айтишича, “бунда Минскнинг манфаати” бор.
“Ҳудудимизда музокара ўтказишдан мақсад ўз хавфсизлигимизни таъминлаш. Осмонимиз мусаффо бўлишини истаймиз, ҳудудимиз бомбаланмаслигини хоҳлаймиз”, дея қўшимча қилди мулозим.
Қўшма Штатлар Европада мустаҳкам ўрнашиб олиши учун Украинани қўллаб-қувватламоқда, инқироз ҳал бўлмаслиги учун халқаро вазиятни беқарорлаштирмоқда. Бу фикрни британиялик журналист Марк Блэклок “Global Times” газетасига ёзган мақоласида келтирган. Унинг қайд этишича, Ғарб мамлакатлари исталган бошқа давлатдан келаётган тинчлик таклифини танқид қилиб чиқмоқда, ўрнига ҳеч нарса таклиф қилинмаяпти.
“Ғарб Украинани гуманитар нуқтаи назардан қўлламаяпти, ўз геосиёсий амбициясини ўтказмоқда, улар учун инқироз фожиа эмас, балки янги имконият очиб бермоқда”, деб ёзади журналист.
Варшавада “Leopard” танкига хизмат кўрсатиш ва машинани созлаш учун Германия – Польша қўшма маркази ташкил этиш ишида силжиш кузатилмаяпти. Берлин ва Варшаванинг номутаносиб сиёсий қарашлари бунга йўл қўймаётган бўлиши мумкин, деб ёзди “Der Spiegel” журнали мудофаа саноатидаги манбаларига таяниб.
Германия канцлери Олаф Шольц фикрича, Украина собиқ иттифоқ замонида ўзига хос давлат сифатида БМТга аъзо эди, Қрим республиканинг бир қисми ҳисобланган.
– Украина ҳудудида инқироз давом этар экан, мамлакат НАТОга қўшилиши мумкин эмас, – деди у “ARD” телеканали мухбири билан суҳбатда. – Аъзоликнинг шартларидан бири чегаравий зиддият бўлмаслигини талаб этади.
У журналистнинг Германия нега қанотли “Taurus” ракеталари жўнатмаётгани тўғрисидаги саволига “Берлин Украинага етказиб бераётган узоқ радиусли қуроллар билан Россия ҳудуди нишонга олиниши керак эмас”, дея жавоб берди.
Венгрия парламенти кейинги ҳафта ёзги таътилга чиқади, ўша вақтгача Швециянинг НАТОга кириши масаласи кўриб чиқилмайди, деб ёзди парламент матбуот хизмати. Аввалроқ мухолифатдаги “Демократик коалиция” депутати Агнеш Вадаи Швеция НАТОга қабул қилинишига доир ҳужжатни ратификация қилиш кузга қолдирилганини айтган эди.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия фуқаролари ва компаниялари соҳибларидан иборат 483 кишига – жисмоний ва юридик шахсга қарши санкция киритгани маълум бўлди. Ширкатлар орасида Беларусь, Грузия ва Қозоғистон вакиллари ҳам бор.
Зеленский Украина қўшини 1991 йилдаги чегара ҳудудларига жойлашгандан кейин зиддиятни ҳал қилишга тайёр бўлишини такрорлади. Президент девони раҳбари Андрей Ермак фиркича, мамлакат Қуролли Кучларининг қарши ҳужумдаги муваффақиятсизлигига Россия ҳаводан қаршилик кўрсатиши сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқда ёзиб чиқди. Ермак Киевга F-16 ва узоқ масофага отадиган қурол-аслаҳа зарурлигига эътибор қаратди.
Аброр ХОН, ЎзА