Жиззахда қўнғир айиқ қопқонга тушди
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Жиззах вилоятида жойлашган Бахмал давлат ўрмон хўжалиги Узунбулоқ бўлими Каттасой айланмаси ҳудудида ўрнатилган қопқонга қўнғир айиқ тушган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Жиззах вилоятида жойлашган Бахмал давлат ўрмон хўжалиги Узунбулоқ бўлими Каттасой айланмаси ҳудудида ўрнатилган қопқонга қўнғир айиқ тушган.
Ҳудуддаги фермер хўжалиги билан чегара далада тахминан соат 5:30-6:00 ларда шу ҳудудида чорва молларини боқиб юрган чўпонлар ёввойи ҳайвоннинг ўкирган овозини эшитишган.
Овоз эшитилган тарафга борганлар ўрмон ҳудудида қўлбола усулда ясалган қопқонга оғирлиги тахминан 200 кг келадиган қўнғир айиқ тушганини кўришади. Гувоҳлар тезда чегарачиларга хабар беришган. Улар эса ўз навбатида ўрмон хўжалиги ходимлари, ички ишлар каби ташкилотларга хабар беришган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, мутахассислар айиқни ухлатиш учун керакли анжомларни олиб келгунча бўлган муддатда унга яқинлашиб, ёрдам беришнинг имкони бўлмади.
Қўнғир айиқ ухлатилгандан сўнг озод қилиш учун ҳаракатлари олиб борилди.
Айни вақтда Қўнғир айиқ табиатга соғ-саломат қўйиб юборилди.