Жасорат унутилмаган, садоқат қадрланган юрт
Иккинчи жаҳон урушида 67 мингдан зиёд хоразмлик қатнашган. Уларнинг қарийб ярми жангда ҳалок бўлди, минглаб норғул йигитлар ногирон бўлиб қайтди.
Иккинчи жаҳон урушида 67 мингдан зиёд хоразмлик қатнашган. Уларнинг қарийб ярми жангда ҳалок бўлди, минглаб норғул йигитлар ногирон бўлиб қайтди.
Инсон хотира билан тирик, қадри билан улуғдир. Юртимизнинг тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, бугунги фаровон кунлар бундан роппа-роса 75 йил олдин ота-боболаримизнинг фашизмга қарши мардларча кураши ва жасорати мевасидир. Бу йил ушбу даҳшатли уруш манзаралари якунланганига 75 йил тўлди.
Ўзбек халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, жанггоҳларда тинчлик учун мардонавор курашган жасоратли ота-боболаримиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг номини улуғлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган Ғалаба боғи чинакам эҳтиром ифодаси бўлди. Муҳташам боғ ҳудудида “Шон-шараф” музейи ҳам ўрин олиб, ундаги тарихий экспонатлар уруш йилларининг жонли тасвирини кўз олдимизда гавдалантиради.
Ғалаба боғи чин маънода хотира боғидир. Хотира инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудрат эканлиги билан ҳам юксак аҳамият касб этади. Хотиралаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У бу ёруғ оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурмат қилиш ҳамдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан салкам бир йил олдин, яъни ўтган йилнинг 25 июнь санасида Олмазор туманида бўлиб, Ғалаба боғи лойиҳасини яратиш жараёнида “Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур”, дея таъкидлаган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, эзгу саъй-ҳаракатлар, хайрли бунёдкорлик ташаббуси ўзининг амалий ифодасини юзага чиқарди.
Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш нафар фарзанди ҳамда бева қолган келинлари хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси эса уруш йиллари мустаҳкам сабр-бардоши, метин иродаси ибратга айланган ушбу оилага эҳтиром ифодасига айланди. Меҳр-оқибат, ҳурмат ва эъзоз тушунчаларини ўзида акс эттирган бу мажмуа асрлар давомида ўзбек оиласининг сабру қаноати, матонати тимсоли сифатида алоҳида аҳамият касб этиб туради.
Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан халқимизга тақдим этилган Ғалаба боғи концепцияси ўзининг маъно-мазмуни, экспозицияси чуқур ўйланган ҳолда юзага келди. Юртбошимиз айтганларидек, у фақат байрам кунлари эмас, йил давомида ишлайдиган бўлади. Бу ерга келган ёшлар ўзига билим, руҳ олиб, ғурур-ифтихор туяди, бугунги тинчликнинг қадрига етиб, ватанпарвар бўлиб улғаяди, албатта.
Жасорат унутилмаган, садоқат қадрланган юртда ҳамиша ҳамжиҳатлик ҳукм суриши, шубҳасиз. Айни қадрият авлодлар қалбидаги эзгу тушунчалар туфайли мустаҳкамланаверади.
Ражаббой РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Хоразм вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати