Жаҳон матбуоти саҳифаларида
Инсоният ҳали узоқ вақтгача Марс сайёрасига парвоз эта олмайди.
Олим Рогозиннинг россияликлар яқинда Марсга парвоз уюштириши ҳақидаги фаразини рад этди
МК.ru Инсоният ҳали узоқ вақтгача Марс сайёрасига парвоз эта олмайди. Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозин билан сиртдан баҳслашган МДУ ҳузуридаги Штернберг номли астрономия давлат институти Ой ва сайёралар тадқиқоти бўлими мудири шундай деб ҳисоблайди. Шу кунларда Роскосмос раҳбари Россияда 8-10 йилдан сўнг космонавтларни Марс сайёрасига етказиш бўйича маблағ топилади, деб маълум қилган эди.
Бир неча йил олдин америкаликлар Марсга навбатдаги аппарат («Оппортьюнити» марсоходи)ни жўнатишганда, илк стартдан бошлаб радиация ўлчаш мосламасини ёққан эди. Мослама бир неча ой ишлаб, натижа кўрсатди: Ер ва Марс ўртасидаги радиация инсон учун рухсат берилган дозадан анча кўп эканлиги ойдинлашди. Айни дам гап қуёш радиацияси ҳақида эмас, галактикалараро нурланиш ҳақида бормоқда).
Nature журнали бу ҳақда қуйидагиларни ёзган: “Агар мазкур аппарат ичида радиациядан ҳимояланиш бўйича бугунги кундаги барча ҳимоя воситаларига эга астронавт бўлганда ҳам, у Марсга ўлик ҳолда етиб борарди.”
Парвоз этаётган шахс парвоз давомида деворлари бир метр қалинликдаги алюминийдан ясалган капсулага жойлашган бўлиши керак. Иккинчи чора: Шундай бир техника яратилиши керакки, парвозни тезлаштириши лозим. Парвоз инсон организмида радиация ўлим ҳолатига олиб борадиган даражадаги дозада тўпланиб қолишига имкон бермаслиги керак. Ҳозирча бизда бундай технология мавжуд эмас, 8-10 йилдан кейин ҳам бўлиши амри маҳол. Марсга парвоз қилишнинг асосий шартларидан бири парвоз давомида экипажнинг радиациявий хавфсизлигини таъминлаш зарурлигидир.
Касалликнинг инсон ўзи билмаган ҳолда бошидан кечирадиган 5 та белгиси
PRIMPRESS. Буюк Британиянинг Оксфорд университети олимлари одамлар янги коронавирус билан касаллик расмий эълон қилинишидан анча олдин ҳам касалланган бўлишлари мумкинлигини маълум қилишди, деб хабар беради PRIMPRESS.
Шифокорлар янги вирус билан касалланган бир неча минг бемор ўртасида сўров ўтказишди. Дастлаб барча беморларга хос бўлган бешта асосий касаллик белгилари ажратиб олинди. Биринчи навбатда олимлар таъм ва ҳид билиш йўқолишини энг муҳим белги деб кўрсатишади. Гарвард тиббиёт мактаби олимлари бурундаги бир қатор ҳужайралар коронавирус биринчи ҳужум қиладиган оқсилларни ўз ичига олиши ва инфекциянинг танага кириб олишини маълум қилишди.
Россия рекорд даражада олтин ва валюта заҳираларини тўплади

Огонёк журнали. Россиянинг халқаро заҳиралари 600,7 миллиард долларга етди, деб хабар беради Россия Банки. Шундай қилиб, жаҳон молиявий инқирози арафасида 2008 йил август ойида белгиланган 598,1 миллиард долларлик рекорд янгиланди.
Августнинг биринчи ҳафтасида РФнинг халқаро заҳиралари ҳажми 8,9 миллиард доллар ёки 1,5 фоиз ошган. Жорий ўсиш валюта курси ижобий қайта баҳоланиши ва олтиннинг дунёдаги нархи ўсиши билан боғлиқ, деб аниқлик киритди Марказий банк. РФ молия вазирининг маълум қилишича, Россиядаги макроиқтисодий кўрсаткичлар “иқтисодиёт ва молия тизимининг юқори барқарорлигини кўрсатади. Мамлакат олтин ва валюта заҳиралари юксак даражада экани ҳам бунинг яққол далилидир”. Силуановнинг қайд этишича, рейтинг агентликлари ҳам Россия кредит рейтингини инвестициявий даражада деб тасдиқлаган.
«Кинофлакон IVI» – автомашиналардаги меҳмонлар учун биринчи гибрид кинотеатр

IVI онлайн-кинотеатр ва «Флакон» дизайн-заводи «Кинофлакон IVI» номли drive-in кинотеатр очишмоқда. «Кинофлакон IVI» – машиналардаги меҳмонлар ва автомашинасиз томошабинлар учун очиқ осмон остидаги биринчи гибрид drive-in кинотеатрдир. Намойишлар дастури хит ва таниқли классик асарлар, фестиваль премьералари ва муаллифлик киноси, мелодрамаларни ўз ичига олади. Кинофлакон IVI даги барча фильмлар IVI сайтининг махсус бўлимида ҳам намойиш этилади.
Намойиш учун махсус 16х7 метрли катта экран ўрнатилган. 210 нафар кишига мўлжалланган кинозалда томошабинлар учун барча имкониятлар яратилган.
Дунёдаги энг чиройли қизалоқ

Ўтган йили Анастасия Князева 7 ёшга тўлган эди. У мактабга боради, бироқ аллақачон моделлик бўйича иш тажрибасига ва дунёдаги энг чиройли қизалоқ унвонига эга.
Қандай қилиб машҳурлик саҳнасига кириб келган?
Жажжи Настя Князева қўғирчоққа ўхшайди. Унинг ажойиб қиёфаси қизалоққа оламшумул машҳурлик олиб келди. У 7 ёшида болалар кийим-кечаги журнали бош саҳифасида чиқиш ва бир неча фильмда суратга тушишга улгурди. Унинг онаси ҳар доим қизини машҳур журналлар саҳифалари, телевизор экранларида кўришни орзу қилган. Атрофдагилар ҳам қизалоқнинг жуда гўзал эканини эътироф этишган. Шунда она қизчанинг анкетасини модель агентликларидан бирига юборишга қарор қилган.
Агентликда қизчанинг туғма истеъдоди эътироф этилади. Настя 2,5 ёшлигида илк суратга тушиш жараёнида қатнашади. У суратга олиш майдончасида ўзини ҳақиқий моделлардек тутган. Настя унга буюрилган топшириқларни аъло даражада бажарган.
Қисқа вақт ичида Настянинг "Инстаграм" даги аккаунти танилиб кетади. Британиянинг Daily Mail газетаси унга дунёдаги энг гўзал қизалоқ, деган унвон беради. Қизчанинг саҳифаси миллионта обуначи йиғди.
Сармат олтини
МК. Ru Астрахан вилояти археологлари сармат олтини билан безатилган қадимий қўрғонни топишди. Экспертлар фикрича, қўрғон 2 минг йиллик тарихга эга. Ҳозирги кунда Россия жанубида жойлашган ҳудудлар милоддан аввалги IV асрда кўчманчи қабилаларга тегишли бўлган. Астрахан қўрғонида топилган ўхшаши йўқ қимматбаҳо безаклардан ташқари ханжарлар тўплами, от эгар-жабдуғи, эрон тилида сўзлашган кўчманчиларнинг уй-рўзғор буюмлари ҳам бор.
Археологлар қадимда қисман талон-тарож қилинган шоҳона қўрғонга дуч келишган. Топиламалар орасида сарматлар бошлиғининг қабри ҳам бор. Икки минг йиллик хазина тасодифан топилган.
P/S: “Дунё матбуоти саҳифаларида” номли рукнга оид тилаклар, таклиф ва фикр-мулоҳазаларни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.