Зеленский: Шимолий Корея Россияга яна 10 000 ҳарбий юбориши мумкин (+видео)
Украина Президенти разведка маълумотига таяниб, Шимолий Корея Россияга яна 10 000 ҳарбий юбориш бўйича режа тузганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 8 000 аскар аллақачон РФга етиб борган. Бу ҳақда DW хабар берди.
Владимир Зеленский кечаги видео мурожаатида Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳисоботидаги янги маълумотга таяниб шундай деган.
Етакчи сўзларига кўра, ҳозир ҳарбий хизматчилар тайёргарликдан ўтиш ва кейинчалик Россияга юбориш учун сараланмоқда. Шунингдек, рус ҳукумати урушда иштирок этиш учун хорижликларни ёллаш жараёнини кенгайтириш ниятида.
– РФ армияга чет давлатлардан одам олиб, уларни Украина билан урушга жалб қилмоқда, – деган давлат раҳбари. – Россияга аскар бераётган давлатлар раҳбарлари бу амалиётни тўхтатиш чорасини кўриши керак. Биз бу ҳақда ўша юртлар ҳукуматига маълумот берамиз.
Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, Шимолий КХДР Россияни урушда қўллаб-қувватлаш учун аллақачон 15 000 ҳарбий юборган. Тахмин қилинишича, бунга жавобан Пхеньян Москвадан пул, ҳарбий технология ва хавфсизлик кафолати олади.
Август ойида Зеленский Шимолий Корея Россия ҳудудига 50 000 нафаргача жангчи жойлаштирмоқчи эканини айтган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА