Ўзбекистондаги коронавирус етиб бормаган қишлоқ
Рамазоннинг шу қутлуғ кунларида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Шоҳимардон қишлоғи аҳолиси билан учрашди.
Рамазоннинг шу қутлуғ кунларида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Шоҳимардон қишлоғи аҳолиси билан учрашди.
– Билингки, сизлар Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборидасизлар, — деди ҳоким шоҳимардонликлар билан суҳбат чоғида. – Коронавирус деган касаллик сиз, тоғликларга етиб келмаганининг ўзи катта ютуқ. Зеро, бу қишлоқ аҳли ҳам қалбан, ҳам амалиётда поклик билан барчага ибрат бўлиб келаётгани боисидир.
Шоҳимардон қишлоғидаги деярли барча дам олиш уйлари 2019-2020 йилларда таъмирланди. Янгитдан яна кўплаб замонавий меъморий ечим ва шарт-шароитдаги уй меҳмонхоналари, дам олиш чорбоғлари қурилди. Агар коронавирус пандемияси бўлмаганида апрел-май ойларида бу ерда туризмга бағишланган халқаро анжуман ўтказилиши режалаштирилган эди.
– Қишлоғимиз обод бўлиб кетди, — дейди “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Абдухолиқов. – Ҳатто дастлабки жарроҳлик ва туғруқхонаси бўлган шифохона, маданият маскани, касаначиликка асосланган саноат тармоқлари ташкил этилди. Биз, давлатимиз ва Президентимиз ғамхўрлигини ҳар нафасда ҳис қилиб турамиз.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Шоҳимардон аҳолиси вакиллари билан учрашув чоғида сайёҳлик тизими коронавирус туфайли зарар кўрган бўлсада, бу соҳада меҳнат қилаётганлар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланишини айтди.
Шундан сўнг ҳоким билан олиб келинган 2300 қоп ун, 2300 та 5 литрли ёғ Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғи аҳолисига бепул тарқатилди. “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинида 572 хонадон бўлиб, 2 минг 341 нафар аҳоли истиқомат қилади.
- Агар бир хонадонда 2-3 оила бўлса, 2-3 қопдан ун, 2-3 тадан 5 литрли ёғ бепул берилди, — дейди Қобилжон ота Кенгашев. – Кўнглимизни тўқ қилиб, салкам 1000 қоп ун ва шунча ёғни қишлоғимиздаги халқ омборхонасига захирага қолдиришди. Зарурат туғилганда эҳтиёжманд оилаларга берилар экан. Бундай ғамхўрликни ота-онадан кўриш мумкин эди. Президентимиз халқимизга, биз шоҳимардонликларга ҳақиқий оталик қилмоқда.