Ўзбекистонда стол тенниси оммалашмоқда
Жорий йилнинг 3-6 февраль кунлари Тошкент шаҳрида стол тенниси бўйича талабалар ўртасида Универсиада спорт мусобакаларининг республика финал босқичи бўлиб ўтади.
С п о р т
Жорий йилнинг 3-6 февраль кунлари Тошкент шаҳрида стол тенниси бўйича талабалар ўртасида Универсиада спорт мусобакаларининг республика финал босқичи бўлиб ўтади.
Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва бир қатор ташкилотлар томонидан стол тенниси бўйича ўтказиладиган Универсиада спорт мусобақаларида мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 56 спортчи талаба ғолиблик учун куч синашади.
Мамлакатимизда ҳеч бир давлатда ўхшаши бўлмаган, ёш спортчиларни катта мусобақаларга тайёрлашнинг уч босқичли – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт тизими ёшларимизнинг иродаси кучли, юксак маънавиятли, жисмонан соғлом авлод бўлиб етишишига хизмат қилмоқда. Улар орасидан Олимпия ва Осиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқмоқда.
Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган стол тенниси бўйича ўтадиган Универсиада спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказиш, бу спорт турини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш ва теннис билан шуғулланиш учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида МАҲМУДОВА билан суҳбатлашди.
– Сўнгги йилларда стол тенниси юртимиз ёшларининг энг севимли спорт турига айланди. Бу спорт турининг оммабоп бўлишида яна қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Барчага маълумки ҳар бир спорт тури оммавийлигини оширишда, энг аввало, мамлакатнинг барча ҳудудларида шу спорт турининг тўгаракларини очиш керак. Биз стол теннисини аҳоли ўртасида янада оммалаштиришни босқичма-босқич олиб бордик.
Дастлаб федерациямизнинг бўлинмаларини очдик ва тўгаракларга истеъдодли мутахассисларни жалб қилдик. Улар стол теннисини янада оммалаштириш бўйича бир қатор илмий-амалий семинарлар ва таниқли спортчилар билан маҳорат сабоқларини ўтказди.
Иккинчи босқичда эса федерациямизнинг ҳудудий бўлинмалари жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган спорт инвентарлари билан таъминланди. Бунинг самарасида вилоятлардан спорт усталари ва халқаро спорт усталигига даъвогар янги истеъдод эгалари кашф этилди. Бугунги кунда теннис билан шуғулланадиганлар сони 20 мингдан ошди.
Учинчи босқичда, мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларни спортга жалб этиш орқали уларнинг саломатликларини янада мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни саралаб, стол тенниси билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор оммавий тадбирлар ўтказдик.
Жумладан, ўтган йили Самарқанд шаҳрида стол тенниси бўйича аёл мураббийлар ва ҳакамлар учун “Спортда аёллар энг устувордир” шиори остида ўқув-методик семинар ўтказилди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 150 аёл мураббий қатнашди. Семинарни Молдовада хизмат кўрсатган спорт устаси Елена Мокроусова ҳамда япониялик мутахассис Чинатсу Мазаки олиб борди.
Пойтахтимизда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича "Беш ташаббус" шиори остида хотин-қизлар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида “Маҳалламиз стол теннисчилари” спорт мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичи ташкиллаштирилди.
– Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ўтган вақт мобайнида бир қатор дунё эътироф этган мутахассисларни юртимизга олиб келди. Бундан мақсад нима?
– Ҳар бир спорт турида халқаро тажриба муҳим аҳамият касб этади. Тўғри спортчиларни бошқа давлатларга юбориб, тажрибасини оширсак ҳам бўлади. Бироқ бу кутилган натижани бермайди. Юртимизда чет эллик мутахассислар иштирокида ўтаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ва семинарлар самараси ҳам сон, ҳам сифат даражаси томонидан юқори бўлади.
Ўтган йили стол тенниси бўйича Япония терма жамоаси мураббийи, Олимпия ўйинлари ғолиби Сеико Исеки томонидан Тошкентда семинар ва маҳорат сабоқлари ўтказилди. Бу эса ёшларнинг мазкур спорт турига қизиқишини янада оширди.
Шунингдек, федерациямиз томонидан мамлакатимизда илк маротаба Осиё стол тенниси федерациясининг 2019 йилдаги “ITTF ASIA DEVELOPMENT PROGRAM” низоми бўйича Наманганда ўтказилган ҳафталикда 10 ёшдан катта бўлган спортчилар халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этди.
Унда Ўзбекистон, Эрон ҳамда Марказий Осиё давлатларининг терма жамоалари ўзаро назарий ва амалий машғулотларни ўтказди.
Мамлакатимизга хорижлик мутахассисларни олиб келишимиздан кўзланган асосий мақсад терма жамоамиз аъзолари ва жамоага номзод спортчилар маҳоратини оширишдир. Бу эса стол тенниси бўйича янги номларни кашф этиш ва мазкур спорт турини янада оммалаштиришга олиб келади.
– Бу йил барча Олимпия ўйинлари туркумидан жой олган спорт турлари учун ўта аҳамиятли йил бўлади. Гап шундаки, 2020 йил Токио шаҳрида XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистон стол тенниси федерацияси мазкур мусобақага спортчиларимизнинг йўлланма олиши учун қандай тайёргарлик кўрмоқда?
– Дарҳақиқат, жорий йилги мавсум спортчиларимиз учун маҳоратини намойиш этиш даври бўлади. Шу кунларда стол теннисчиларимиз 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш, ушбу нуфузли мусобақа ҳамда бошқа турнирларда муносиб иштирок этиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Спортчилaримиз мазкур мусобақаларга тайёргарлик кўришларида Президентимизнинг 2017 йил 9 мaртдaги "Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳри (Япония)дa бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa"ги қaрори муҳим дaстурилaмaл бўлмоқда.
Стол тенниси бўйича терма жамоамиз сафини кучли спортчилар билан тўлдириш мақсадида мамлакат миқёсида бир қатор мусобақалар ўтказилди. Уларда саралаб олинган спортчилар маҳоратини ошириб бориш мақсадида Беларусь, Молдова, Жанубий Корея, Латвия, Хитой ва Австрия каби стол тенниси ривожланган давлатларда спортчиларимиз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда.
Ҳозирда терма жамоамиз аъзоларидан Зоҳид Кенжаев, Шохруҳ Искандаров, Қутбидилло Тешабоев, Регина Ким, Розалина Ҳожиева, Мақсуд Рустамов, Сўғдиёна Мадалиева, Римма Гуфранова каби ёш спортчилар халқаро мусобақаларда иштирок этиб, яхши натижаларга эришмоқда.
– 3-6 февраль кунлари пойтахтимизда стол тенниси бўйича талабалар ўртасида Универсиада спорт мусобакасининг республика финал босқичи бўлиб ўтади. Мусобақага тайёргарлик жараёни қандай кечмоқда?
– Универсиада спорт мусобақасини юқори савияда ўтказиш учун тайёрмиз. Иштирокчилар мусобақа вақтида халқаро стандартларга мос теннис столлари, ракетка ва копток билан таъминланади. Мусобақалар адолатли ўтиши учун олий тоифали ҳакамларни саралаганмиз. Универсиаданинг ҳар бир йўналишини спорт мутахассислари кузатиб боради.
– Федерация ўз олдига қандай режалар қўйган?
– Бу йил асосий мақсадимиз – бу, Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишдир. Яна бир режамиз юртимизга хориждан мураббий олиб келиб, терма жамоамиз захираси бўлган ёшларни 2022 йили Сенегалдаги ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари ва Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган катталар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёрлаш. Бу борада аниқ ва тизимли ишлар бошлаб юборилган.