Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Саҳнада муҳаббат ҳақидаги гўзал афсона
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Саҳнада муҳаббат ҳақидаги гўзал афсона
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Қозоғистоннинг “Астана Балет“ театрининг “Муҳаббат ҳақида афсона“ номли балет-спектакли намойиш этилди.
Уч кўринишдаги ушбу спектакль шарқ афсонасига асослангани, Фарҳод ва Шириннинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилиши билан театр мухлисларининг эътиборини қозонган.
– Ўзбекистонда ўз репертуаримиздаги энг сара спектаклларни намойиш этиш биз учун улкан шарафдир, – дейди “Астана Балет“ театрининг бош балетмейстери Мукарам Авахри. – Биз спектаклларнинг репетицияси жараёнида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри саҳнасининг беқиёс имкониятлари, қулайликларига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Мен ўзбек миллий хореография мактабини, унинг бетакрор анъаналарини, ўзига хос йўналишларини ғоят қадрлайман. Қайсидир маънода ушбу мактаб кўпчилигимиз учун сабоқ вазифасини ҳам ўтагани диққатга сазовор.
Юртимизда кўтаринки руҳда ўтказилаётган Қозоғистон йили саксондан ортиқ иқтисодий, маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар тадбирни ўзига қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Улар наинки Тошкент шаҳрида, балки мамлакатимизнинг турли гўшаларида бўлиб ўтмоқда. Эътиборга молик жиҳати, мазкур тадбирларнинг олтмишга яқини маданий-маърифий, сайёҳлик соҳасидаги лойиҳалардир. Айниқса, ранг-баранг концертлар, кўргазмалар, адабий мулоқотлар, премьералар, спектакль намойишлари ҳамюртларимизда катта таассурот қолдирмоқда.