Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган: ишончли ва сифатли
Ўз фаолиятини 2014 йилнинг сўнгги чорагида бошлаган “Bagil medical new technology” 5 миллиграмм ҳажмдаги бир марталик шприцлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди ва уларнинг турини кенгайтирмоқда.
Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни изчил ривожлантириш ҳисобидан жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, ички бозорни сифатли товарлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусий ишлаб чиқарувчилар ва йирик саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларининг тобора мустаҳкамланаётгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида яратилаётган қулай сармоявий муҳит, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик самарасидир.Навоий вилоятида маҳаллийлаштириш дастури асосида импорт ўрнини босувчи, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулот турларини ўзлаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган йили ҳудудий корхоналар ҳамда йирик ташкилотлар томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида 23 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 36 миллиард 800 миллион сўмлик рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилди. Энг муҳими, қарийб 15 миллион 300 минг АҚШ доллари қийматидаги валюта харажатлари тежалиб, иқтисодий ўсиш суръатларининг янада юксалишига эришилди.
Мамлакатимизда хорижлик шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Навоий шаҳридаги шприц ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Bagil medical new technology” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси шулардан бири.
Ўз фаолиятини 2014 йилнинг сўнгги чорагида бошлаган “Bagil medical new technology” 5 миллиграмм ҳажмдаги бир марталик шприцлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди ва уларнинг турини кенгайтирмоқда.
– Йилига 48 минг дона шприц ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 36 нафар мутахассис меҳнат қилаётир, – дейди корхона директори Фахриддин Баротов. – Ички ва ташқи бозорга сифатли тиббиёт маҳсулотлари етказиб бериш борасида самарали изланишлар олиб бормоқдамиз. Жумладан, 2016 йилдан янги тиббиёт воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда маҳсулотларнинг 50 фоизини экспортга йўналтиришни режалаштирганмиз.
Янги лойиҳаларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётган корхонада эндиликда 1, 2, 10, 50 миллиграммлик шприц ҳамда инфузион тиббиёт системаларини ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Янги линияларнинг ишга тушиши билан қўшимча янги иш ўринлари яратилади.
Жанубий Кореянинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган корхонада тозалик ва санитария қоидаларига қатъий риоя этилади. Маҳаллий ёш мутахассисларнинг иш тажрибасини ошириш мақсадида кореялик соҳа вакиллари иштирокида турли ўқувлар ташкил этилмоқда. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар янги лойиҳаларнинг истиқболи йўлида ижобий самаралар бераётир. Жанубий Кореянинг “Tolbiz” ҳамда “Top-point” корпорациялари билан яқин инвестициявий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
– Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит ва хусусий секторни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор диққатга молик, – дейди Жанубий Кореянинг “Top-point” корпорацияси директори Ёнг-Чул Ким Чарлс. – Ушбу корхона билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларимизнинг бош омили ҳам шунда. Ўзбекистонда жанубий кореялик ишбилармонлар сармояси иштирокидаги корхоналар талайгина. Ўйлайманки, истиқболли қўшма лойиҳаларимиз янада кўпайиб, ўзаро иқтисодий муносабатларимиз бундан буён ҳам ривожланиб бораверади.
Қўшма корхонада вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқиш ҳамда хорижлик сармоядорлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш борасида қўшимча янги лойиҳаларни ўзлаштириш устида иш олиб борилмоқда. 2016-2019 йилларга мўлжалланган ва истиқболли режаларни амалга ошириш мақсадида Жанубий Корея ва Италия мамлакатлари сармоядорлари иштирокида қиймати 2 миллион 683 минг долларга тенг бўлган, маҳаллий хомашёдан жаҳон стандартларига мос стирилланган тиббиёт ватаси тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Йилига қарийб 1 минг 100 тонна сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги тармоқда ўттиздан зиёд кишининг бандлиги таъминланади. Йилига 2 миллион 200 минг доллар қийматидаги тайёр маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган бундай кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар чет эллик ишбилармонлар билан, хусусан, Жанубий Корея тадбиркорлари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, иқтисодиётимизнинг янада юксалиб, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилади.