Ўзбекистон жаҳон пахта бозорининг етакчиларидан бири
Тошкент шаҳрида 13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтган ярмаркада 580 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эса бир миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди.
Тошкент шаҳрида 13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтган ярмаркада 580 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эса бир миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди. Бу жаҳон бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларига талаб юқорилигини намоён этди.
Анжуман доирасида ўтган халқаро конференция иштирокчилари қарийб 50 мамлакатдан мингдан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, экспертлар ва мутахассисларни ўзида жамлаган ушбу ярмарка 2014 йил жаҳон пахта саноатининг энг муҳим тадбирларидан бири бўлганини таъкидлади.
Улар Ўзбекистон ва дунёда пахта ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби кўплаб масалаларни муҳокама қилди, мамлакатимиз далаларида етиштирилган пахтанинг сифат кўрсаткичлари билан бевосита танишиб, ўзаро манфаатли шартномалар имзолади.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз экспорт салоҳиятини юксалтириш, ташқи бозорларга хомашё ўрнига юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб беришга босқичма-босқич ўтиш борасида салмоқли ютуқларга эришди.
Барча мижозларга тенг имкониятлар тақдим этиш, шартномалар тузиш, тўлов ва етказиб бериш шартлари бўйича чекловларнинг йўқлиги Ўзбекистон пахта экспорти сиёсатининг ўзига хос хусусияти экани таъкидланди. Жаҳон бозорида юзага келиши мумкин бўлган салбий ўзгаришлар таъсирини камайтириш мақсадида мамлакатимизда нархларни белгилашнинг мослашувчан тизимидан фойдаланилмоқда. Бир неча йиллардан буён қўлланиб келинаётган «А» Cotlook индекси асосида нарх белгилашнинг транспарент тизими ўзбек пахтасига нисбатан нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш имконини бераётир.
Мамлакатимизда йигирмадан зиёд ихтисослаштирилган пахта терминали, бир пайтнинг ўзида 410 минг тонна пахта толасини сақлаш имконига эга тўртта эркин омбор, транспорт инфратузилмасидан иборат логистика тизими юртимизда етиштирилган пахта толасини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиш имконини бермоқда. Пахтани экспорт қилиш жараёнига «Ўзмарказимпекс», «Ўзпроммашимпекс» ва «Ўзинтеримпекс» ташқи савдо компаниялари жалб этилган. Улар хорижий давлатлардаги ўз ваколатхона ва савдо уйлари орқали ҳамкорларга пахтани йил давомида барқарор етказиб беришни таъминлаётир.
Ишлаб чиқариш қувватларининг модернизация қилинаётгани, соҳага халқаро сифат стандартлари ҳамда техник регламентларнинг тизимли асосда жорий этилаётгани мамлакатимиз пахта саноатининг муҳим ютуқларидандир. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги Манғит, Сурхондарё вилоятидаги Музработ ва Қизириқ, Хоразм вилоятидаги Боғот пахта тозалаш заводларини технологик янгилаш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси Халқаро ривожланиш уюшмаси билан ҳамкорликда корхоналарнинг энергия тежамкорлигини ошириш бўйича қиймати 3,8 миллион долларга тенг лойиҳани амалга оширмоқда.
Мамлакатимизда пахтанинг механизациялашган теримини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий пахта териш машиналарининг нархи ва техник кўрсаткичлари фермерларга маъқул бўлмоқда. Бугунги кунда пахта далаларида 1200 дан зиёд ана шундай машина пахтакорлар оғирини енгил қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон пахта толасининг сифати ва харидоргирлигини оширишга доир изчил чоралар ҳам кўрилмоқда. Хусусан, бу борада селекционерларимиз саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда пахтанинг ўнлаб янги навлари яратилди. Ярмарка иштирокчилари уларнинг сифат кўрсаткичлари билан «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган экспозицияда танишди. Айниқса, юқори унумдорлиги ва илдиз тизими ривожлангани билан ажралиб турадиган «Порлоқ» нави уларда катта қизиқиш уйғотди.
«Ўзэкспомарказ»нинг алоҳида павильонида мамлакатимиз енгил саноати корхоналарининг ип, мато, газлама, тайёр тикувчилик, трикотаж ва ипак маҳсулотларининг кенг ассортименти намойиш этилди. Бу мамлакатимизнинг 3 мингга яқин корхонадан иборат енгил саноат соҳаси жадал ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз енгил саноатига 2 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар жалб этилди. Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Европа иттифоқи ва МДҲ мамлакатлари, Япония, АҚШ ва бошқа давлатларнинг сармоядорлари иштирокида янги корхоналар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича икки юздан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Ярмаркада ушбу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳам намойиш этилди. Улар орасида «Plasteks» компаниялар гуруҳи ҳам бор.
«Plasteks» қўшма корхонасининг ташқи иқтисодий фаолият бўйича менежери Аброр Розиқовнинг айтишича, компанияда юқори сифатли ип-калава ва трикотаж матоси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Маҳсулотларнинг катта қисми Хитой, Россия, Туркия ва Европанинг бошқа давлатларига экспорт қилинаётир. Ярмаркада ҳар йили иштирок этиш самарасида ҳамкорлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Бу йил чет элга маҳсулот етказиб бериш бўйича 10 га яқин шартнома имзоланди.
Мамлакатимизнинг бошқа компаниялари ҳам ярмаркада ўз ҳамкорлари доирасини кенгайтириш имконига эга бўлди. Хусусан, Самарқандда фаолият кўрсатаётган «B.S.H» компаниялар гуруҳи жорий йилнинг сентябрь ойидан буён ишлаб чиқараётган янги маҳсулоти – жинсидан тикилган либослар учун харидорлар топди. Мамлакатимизда тайёрланган матолардан болалар, хотин-қизлар ва эркаклар либослари ишлаб чиқараётган пойтахтимиздаги «BF Textile» хорижий корхонаси ҳам экспорт бўйича бир қанча шартнома тузди.
Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил этилган «Shindong Spinning Termez» қўшма корхонаси эса ярмаркада янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган ушбу корхонада бир кеча-кундузда 10 тоннага яқин юқори сифатли калава тайёрланмоқда.
– Маҳсулотларимизнинг 95 фоизини чет элга экспорт қиламиз, – дейди «Shindong Spinning Termez» қўшма корхонаси тижорат директори Гулмурод Тўхташев. – Ярмаркада иштирокимиз туфайли хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан қиймати 700 минг доллардан зиёд янги шартнома туздик.
Ярмарканинг хорижлик иштирокчилари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ва бундан манфаатдорлигини билдирди. Улар мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти, тўқимачилик соҳасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимот маросимида иштирок этди, шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш заводи, “Тошкент-тола” пахта терминали ва «Uztex-Chirchiq» корхонаси фаолияти билан танишди.
Ярмарка Ўзбекистон пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларининг юқори сифати ҳамда рақобатбардошлигини яна бир бор намойиш этди. Бу замонавий иқтисодий шароитда мамлакатимиз янги бозорларни забт этиши ва жаҳон бозоридаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлаши учун барча имкониятларга эга эканидан далолат беради.