Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги янада кенгаяди
Россия сармояси ва технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш бўйича кўрсатмаларини амалга оширишга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Бугун Москвада «Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти: янги имкониятлар» мавзусида вебинар ўтказилди. Мулоқот «Деловая Россия» Умумроссия жамоат ташкилоти томонидан ташкил этилди.
Видеоконференция тарзида кечган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, «Российский экспортний центр» ва «Азиа-Инвест Банк» акциядорлик жамияти раҳбарияти ва масъул вакиллари – жами 100 нафардан зиёд мутахассис иштирок этди.
Вебинар давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жорий ҳолати, муносабатларни янада кенгайтиришнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди. Ҳар икки мамлакатнинг экспорт ёки импорт билан шуғулланувчи компанияларини қўллаб-қувватлаш учун зарур молиявий воситалар яратиш зарурлиги қайт этилди.
Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган Россия компаниялари тажрибаси ва муваффақияти атрофлича таҳлил этилиб, бу борадаги мавжуд муаммолар кўрсатиб ўтилди, айни масалаларни ҳал этиш йўллари таклиф этилди.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Россия савдо уйи ва Россиянинг Самара шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан илгари сурилган ташаббус асосида уюштирилган мазкур мулоқот Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган Россия билан икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, маҳаллий тадбиркорларга Россия бозорига киришда кўмаклашиш, Россия сармояси ва технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш бўйича кўрсатмаларини амалга оширишга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

