Ўзбекистон ноёб темир йўл техникасини харид қилди
Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлил медиа маркази маълум қилган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бугунги кунда МДҲ мамлакатларида ягона бўлган, Германиянинг “Kirow Ardel GmbH” заводида ишлаб чиқарилган бир неча вазифаларни бажарувчи кранли механизм – янги моделдаги “MULTI TASKER KRC 1200UZ машинасини сотиб олди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлил медиа маркази маълум қилган.
Жаҳон бозорида жуда харидоргир ҳисобланган ушбу қудратли техника йўл ва кўприклар, мураккаб йўл ўтказгичлар қурилишида, шунингдек темир йўлларда таъмирлаш-тиклаш хизматини йўлга қўйишда ўта юқори сифатни таъминлайди. 150 тоннагача юк кўтара оладиган 175 тонналик кўтариш механизми Лейпциг шаҳридан Тошкентга Польша, Беларусь, Россия ва Қозоғистон орқали олиб ўтилди.
“Тўқимачи” станциясида жойлашган “Поездларни қайта тиклаш” цехида Германия ва Ўзбекистон мутахассислари иштирокида мазкур кранли механизмни йиғиш ишлари амалга оширилди. Шундан сўнг техника “Қўқон минтақавий темир йўл тармоғи” унитар корхонаси “Поездларни қайта тиклаш” цехига етказилди. Синовлар шуни тасдиқладики, краннинг техник хусусиятлари барча зарур талаб ва меъёрларга жавоб беради.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Техник хизмат кўрсатиш ва технологик назорат бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳасан Матиевнинг изоҳ беришича, мазкур замонавий кўтариш крани 19,2 километрли Ангрен – Поп темир йўл туннели линиясида, шунингдек тоғли туманлар ҳамда чўл ҳудудига темир йўл ётқизишда хавфсизликни таъминлашда фойдаланилади.
Ушбу кранда ишлаш ва ундан фойдаланишни ўзлаштириш мақсадида “Қўқон минтақавий темир йўл тармоғи” УК “Поездларни қайта тиклаш” цехидан 6 нафар мутахассис 10 кун давомида Германияда малака ошириб келишди.
Кўтариш механизми Қўқонга олиб борилгач, немис усталари кран машинистларига қўшимча амалий кўникмаларни беришди.
Келишувга кўра, германиялик мутахассислар 2 йил давомида мазкур ускуналарга сервис хизмати кўрсатиш мажбуриятини олишган.