ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ: Бугун финал – “Пахтакор” АГМКдан ўтган йилги мағлубият аламини ола биладими?
Бугун пойтахтимизнинг “Локомотив” стадионида Ўзбекистон Кубоги финал ўйини бўлиб ўтади. Учрашув соат 17:00да бошланади.
Бугун пойтахтимизнинг “Локомотив” стадионида Ўзбекистон Кубоги финал ўйини бўлиб ўтади. Учрашув соат 17:00да бошланади.
Унда жорий мавсум чемпионлигини муддатидан анча аввал қўлга киритиб улгурган “Пахтакор” ҳамда Ўзбекистон Кубогининг амалдаги ғолиби АГМК жамоалари ўзаро куч синашади. Ўтган мавсум якунида бўлиб ўтган Кубок финалининг баҳсида ҳам айнан шу жамоалар ўзаро куч синашишган ва унда омад АГМК жамоасига кулиб боққанди. Эсингизда бўлса, ўша муваффақият учун олмалиқлик футболчи ва мураббийлар клуб муассислари томонидан енгил автомобиллар билан тақдирланганди.
Хўш, бу йилги натижа қандай бўлади? “Пахтакор” ўтган йилги мағлубият аламини ола биладими ёки АГМК жамоаси ғалаба тасодиф бўлмаганлигини бу йил ҳам исботлаб берадими?

Кеча пойтахтимиздаги “Самарқанд дарвоза” савдо кўнгилочар масканида финал учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкиллаштирилди. Байрамона руҳда ўтган анжуманда ҳар икки жамоа футболчи ва мураббийлари, футбол жамоатчилиги ва вакиллари, ОАВ ходимлари, кўплаб мухлислар иштирок этишди. Унинг дастлабки қисмида “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳамда жамоанинг етакчи футболчилари Егор Кримец, Игорь Сергеев, Одилжон Ҳамробеков ва Жалолиддин Машариповлар, иккинчи қисмида эса АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ва жамоанинг етакчи футболчилари Элгужа Григалашвили, Шаҳзодбек Нурматов, Акмал Шораҳмедов ва Владислав Касмининлар иштирок этиб, бўлажак баҳс олдидан ўз фикрларини билдиришди, журналистлар саволларига жавоб беришди.

Жумладан,
Шота Арвеладзе: Биринчи навбатда ташкилотчиларга футболга оид тадбир нафақат стадионда, балки шундай жойда ўтказилаётгани учун раҳмат айтаман. Биз ҳам омма олдига борамиз. Йигитларга ажойиб ўйин ва натижалар учун миннатдорчилик билдираман. Мухлисларга ҳам катта раҳмат. Ўтган йили ушбу рақибга финалда имкониятни бой бергандик. Биз ўйинга жиддий тайёрландик. Эртага ғалаба қозонишни истаймиз. Ўйлашимча, эртага стадион тўлади, майдон яхши ҳолатда. Ташкилий ишлар юқори даражада адо этилади.

Игорь Сергеев мухлислар уни руҳан қўллаб туришганидан миннатдорлигини, бир йил олдин финалда ютқазганлигини, мағлубият жуда аламли бўлганлигини, насиб қилса, реванш олишини таъкидлаган бўлса Жалолиддин Машарипов жамоа ўз олдига ҳар учала мусобақада ҳам ғолиб чиқишни мақсадини қўйганлиги-ю бунинг учун борини беришларига тайёр эканлигини таъкидлади.
АГМК жамоаси устози Миржалол Қосимов кубок ғолиби ОЧЛ учун йўлланма тақдим қилишини эслатиб, шу йўлланма учун астойдил тайёргарлик кўришганини, шогирдлари фақат ғалаба учун майдонга тушишга тайёр эканлигини айтиб, клуб бош ҳомийси Олмалиқ Кон Металлургия Комбинати 70 йиллик юбилейи нишонлаганлигини, комбинатнинг барча ишчи-ходимлар ҳамда раҳбариятни ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, насиб қилса кубокни Олмалиқ аҳлига совға қилишга ҳаракат қилишларини таъкидлади. Акмал Шораҳмедов эса эртага қизиқ ўйин бўлишини, сабаби, “Пахтакор“ ўтган йил финалдаги мағлубият учун реванш олишга ҳаракат қилишини, гарчи жамоаси чемпионатда пастроқ ўринда бўлса ҳам кубок учун бор кучларини беришларини айтди.

Тадбир сўнггида мухлислар ўз суюкли қаҳрамонлари билан суратга тушиб, мураббий ва футболчилардан дастхат олишга муваффақ бўлишди.
Мазкур учрашувни Шерзод Қосимов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Жасур Мухторов гуруҳи бошқариб боради.
Учрашув назоратчиси Рашид Айтеков, комиссари Александр Давиденко.