Ўзбекистон чорва бўйича экспортёр давлат бўлади
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда чорвачиликнинг янги даври, истиқболи ва муаммолар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда чорвачиликнинг янги даври, истиқболи ва муаммолар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Унда Германия, Туркия, Исроил, Австрия, АҚШ, Нидерландия ва Швеция каби давлатлардан соҳанинг етук мутахассислари, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчилар, фойдаланувчилар, соҳа олимлари, ем маҳсулотларини етиштириб берувчилар, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар мутахассислари қатнашмоқда.
Мақсад замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш, зотли қора молларни парваришлаш ва кўпайтириш, озуқа базасини янада яхшилаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганишдир.
Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш ишлари янги босқичга чиқди. Тизимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ветеринария ва чорвачилик тармоғига замонавий илмий-инновацион ғояларни жорий этиш бўйича бир қатор йўналишларда амалий ишлар бошланди.


Анжуман очилиш маросимида “Ўзбекчорванасл” агентлиги раиси Абдурасул Абдуллаев сўзга чиқиб, жорий йилдан бошлаб чорва молларининг зотини яхшилаш, чорва молларига озуқа тайёрлаш, замонавий чорва комплексларини ташкил этиш, чорвада ҳисоб-китобни йўлга қўйиш каби йўналишларда тизимли ишларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда амалга оширилган лойиҳалар доирасида мамлакатимизга чет давлатлардан 145 минг бошдан зиёд қорамол (шундан, 30 минг боши наслли), 217 минг бошдан зиёд қўй ва эчки олиб келинди. Ушбу олиб келинган чорва ҳайвонларининг бир қисми аҳоли дастурхонларига чорва маҳсулотлари сифатида тақдим этилди. Қолган қисми фермер хўжаликларида парваришланиб, кўпайтирилмоқда. Келгусида чет эл давлатларидан қорамол импорт қилиш ҳажмини қисқартириб, ўзимизда парваришланаётган зотли моллар плем ядроси яратилади.



Мазкур амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар доирасида зотли, маҳсулдор қорамоллар маҳаллий шароитда кўпайтирилади. Яъни Ўзбекистонни чорва соҳаси бўйича импортёр давлатдан экспортёр давлатлар қаторига ўтказиш режалаштирилган.
Анжуман давом этмоқда.