Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар
Банк-молия академиясида "Оpen space" форматида "2020 йилда Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Банк-молия академиясида "Оpen space" форматида "2020 йилда Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ва бошқа банклар вакиллари, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари, тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда банк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу секторни модернизация қилишда муҳим роль ўйнаётгани ҳамда бундай қулайликлар аҳолига, хусусан, мижозларга ҳар томонлама кенг имкониятлар очаётганини таъкидлади.
Давра суҳбатида хусусий секторнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали банк секторидаги иштирокини кенгайтириш масалалари, шунингдек, ҳукумат томонидан мамлакат банк секторини модернизация қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар ижросига аҳамият қаратилди.
– 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департамент директори Камрон Ўтбосаров. – Янги тартибга асосан битта қарз олувчига бериладиган кредитнинг миқдори чекланган бўлади, бунда сотиб олинадиган квартиранинг қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади. Бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни сотиб олиш учун қуйидаги шартларда ипотека кредитлари берилади. Қишлоқ жойларда уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган ҳолатда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўлса, шаҳарларда уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган ҳолатда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўлади. Кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилалар учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. Бугунги давра суҳбатининг амалий жиҳати шуки, тижорат банклари, деярли барча банклар 2020 йилда ўзининг стратегиясини ўзгартириши ва мутлақо янги тизимга ўтилиши талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, тадбирда тўртта тижорат банки ўз стратегиясини намойиш қилди.
Тадбир якунида тижорат самарадорлигини ошириш, ўрта ва узоқ муддатли стратегияни шакллантириш мақсадида активларни тақсимлашни оптималлаштириш механизмларини ўз ичига олган банк ва молия секторини тизимли ўзгартириш юзасидан фикрлар билдирилди.