Захирадаги номзодлар малака оширмоқда
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари (туман, шаҳар бўлинмалари) ҳамда ҳокимликларда стажировка ташкил этилди.
Бундан кўзда тутилган асосий мақсад номзодларнинг билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, раҳбарлик борасидаги янги кўникмаларни шакллантириш ва хизмат вазифаларини самарали амалга ошириш учун касбий малака, бошқарув маҳоратини оширишдан иборат.

Қайд этиш жоизки, Наманган вилоятида ҳам 84 нафар номзод стажировка ўташ учун тегишли бошқарма, ташкилотлар ва уларнинг маҳаллий бўлимлари ҳамда ҳокимликларга юборилди.
Номзодларнинг биринчи гуруҳи икки ҳафталик стажировка ўтаган бўлса, ҳозирда кейинги гуруҳда стажировка якунига етмоқда. Номзодлар стажировка давомида ташкилотнинг биринчи раҳбарига ўринбосар сифатида бириктирилиши, шунингдек, ташкилотнинг функционал вазифалари, тизимдаги муаммоларни ўрганиши ва уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиши белгиланган.

– Салоҳиятли кадрлар захирасига олинганим менга икки карра масъулиятни юклайди. Бизни ривожланишимиз ва ўз устимизда ишлашимиз учун мотивация бор, – дейди Учқўрғон тумани ҳокимининг Қумтўғон маҳалласидаги тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси Элмурод Рўзибоев. – Шахсий ривожланиш режаси асосида доимий равишда салоҳият ва малакамизни ошириб келмоқдамиз. Шу жумладан, бугунги кунда бошқарма, ташкилотлар ва ҳокимликларда стажировка ўташ ҳам турли соҳалар бўйича амалий кўникмаларимизни ортириш борасида айни муддао бўлмоқда. Бу эса келгусида давлат хизматида самарали натижаларни кўрсатишимизга катта туртки беради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА