“Зарафшон”нинг Беҳбудийси” китоби нашр этилди
Ўтган йил юртимизда буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари фармонига кўра, улуғ аждодимиз “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди ва мазкур давлат мукофоти Беҳбудий авлодларига топширилди. Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида элимиз қалбидан жой олган кўплаб ижодкорлар қатори Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатилди.
Ўтмиши улуғ маърифатпарвар ташкил этган нашрларга бориб тақаладиган Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетаси таҳририяти томонидан “Зарафшон”нинг Беҳбудийси” номли китоб нашрга тайёрланиб, чоп этилди.


– Газетамизда турли йилларда таниқли олимлар, адабиётшунос ва ижодкорлар, ҳамкасбларимиз томонидан Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида чоп этилган мақолаларни тўплаб, китоб ҳолида нашр этдик, – дейди китобни нашрга тайёрловчи Акрам Ҳайдаров. – Шунингдек, аллома авлодларининг боболари ҳақидаги хотиралари, Беҳбудий асарлари, қайдларига ҳам кенг ўрин берилган.
Китобни ўқиган киши Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Марказий Осиёдаги жадидчилик ҳаракатидаги ўрни, Туркистон зиёлилари, хориждаги бундай ҳаракат фаоллари билан мустаҳкам алоқа ўрнатгани, том маънода миллат жонкуяри экани, ўқувчилар учун алифбо ва бошқа кўплаб дарсликлар ёзиб, чоп эттиргани, географ сифатидаги изланишлари ва Самарқандда миллий матбуотимиз тамал тошини қўйгани ҳақидаги нодир маълумотларга эга бўлади.


Самарқанд вилояти А.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказида мазкур китобнинг тақдимоти ўтказилди.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий ва бошқалар самарқандлик буюк маърифатпарвар бобомизнинг ўлмас асарлари, ғоя ва қарашлари бугун ҳам аҳамиятли эканлигини таъкидладилар.

Бу бебаҳо меросдан халқимизни баҳраманд этиш борасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги илиқ фикрлар билдирилди. Мазкур китоб ҳам бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар намунаси сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, тадбирда самарқандлик ижодкорларнинг “Самарқанд мушоираси” ёшлар баёзи ва бир қатор янги асарлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА