Зарафшон дарёсида Яван ГЭС қурилади
Энергетика хусусан, гидроэнергетика соҳасида қўшни давлатлар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Энергетика хусусан, гидроэнергетика соҳасида қўшни давлатлар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Зеро, Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалиги қайсидир маънода умумий дарёлар билан чамбарчас боғлиқдир.
“Ўзбекгидроэнерго” ахборот хизматидан хабар беришларича, пойтахтимизда икки томонлама ҳамкорлик доирасида Тожикистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда энергетика соҳасида икки томонлама ҳамкорлик, хусусан, гидроэнергетика йўналишида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, Тожикистон Республикаси ҳудудида ўзаро келишувлар асосида Зарафшон дарёсида гидроэлектростанция барпо этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу учрашувда икки давлатнинг масъул вазирликлари ҳамда идоралари вакиллари қатнашди. Учрашув давомида жамият бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар хусусан, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида делегация вакилларига батафсил маълумот берди.
Қайд этиш керакки, айни вақтда Тожикистон Республикаси ҳудудидаги Зарафшон дарёсида Яван ГЭСини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 282 миллион доллар атрофида бўлиб, якуний иқтисодий асоси тасдиқланса қурилиш 2020 йил июнь ойида бошланади. Яван ГЭС нинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 140 МВт га тенг.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.