Замонавий Ёшлар маркази барпо этилади
Гулистон тумани марказида ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида замонавий Ёшлар маркази барпо этилади.
Айни кунларда ушбу лойиҳа доирасида туман марказида жойлашган собиқ Адлия бўлими биносида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
– Мазкур объект негизида ташкил этиладиган Ёшлар марказида ўқув маркази, IT парк ҳамда замонавий кутубхона фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган, – дейди туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Хуршид Челибаев. – Янги марказ ёшларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини “Charos nur baraka” масъулияти чекланган жамияти амалга оширмоқда. Бино тўлиқ янгиланиб, замонавий инфратузилма ҳамда техник жиҳозлар билан таъминланади.
– Реконструкция жараёнида бинода ички ва ташқи таъмирлаш ишлари, муҳандислик коммуникацияларини янгилаш, шунингдек, ёшлар эҳтиёжларига мос дизайн ечимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ҳоким ўринбосари.

Маълумот учун яна шуни айтиш мумкинки, мазкур Ёшлар марказини фойдаланишга топшириш жорий йилнинг май ойларига режалаштирилган. Унинг ишга туширилиши Гулистон тумани ёшлари учун янги имкониятлар эшигини очиб, таълим ва ўзини ривожлантириш борасида муҳим масканга айланиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА