Замонавий хавфсизлик ўқув маркази ишга тушди
Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқитиш марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган мазкур марказда аҳоли, ёшлар, ташкилот ва муассасалар ходимларига фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмалари ўргатилади.
Янги ўқув масканида таълим олувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Марказ виртуал реаллик (VR) кўзойнаклари, турли фавқулодда вазиятларни амалиётда моделлаштириш имконини берувчи симуляция хоналари, тиббиёт хонаси ҳамда махсус лабиринтлар билан жиҳозланган.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари — Фавқулодда вазиятлар профилактикаси департаменти бошлиғи, полковник Хуршид Сотиев, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, тизим фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, марказ вилоятда ҳаёт фаолияти хавфсизлиги бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга ихтисослашган ягона ўқув маскани ҳисобланади.

Бу ерда назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилади. Симуляция хоналарида ёнғин, зилзила, тутун тарқалиши ва бошқа фавқулодда ҳолатлар шартли равишда моделлаштирилиб, таълим олувчиларнинг мураккаб вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш кўникмалари шакллантирилади. Виртуал реаллик технологиялари эса реал вазиятларга яқин шароитда машғулот ўтказиш имконини беради.

Тиббиёт хонасида биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилса, махсус лабиринтларда мураккаб ва чекланган муҳитда ҳаракатланиш, хавфсиз чиқиш йўлларини топиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда саросимага тушмасдан ҳаракат қилиш кўникмалари мустаҳкамланади.
— Инсон фавқулодда вазиятга тушганда хавфсизлик қоидаларини билиши билан бирга, уларни амалда қўллай олиши ҳам муҳим. Марказда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса турли хавфли ҳолатларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришда ёрдам беради, — деди вазир ўринбосари.

Марказда фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари билан бир қаторда корхона ва ташкилотлар масъуллари, таълим муассасалари вакиллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик учун ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Тадбир доирасида «Рақамли профилактика» дастури доирасида Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган электрон платформа тақдимоти ҳам ўтказилди.

Мазкур рақамли лойиҳа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлик маданиятини юксалтириш ва зарур билимларни замонавий технологиялар асосида етказишга қаратилган. Электрон платформа орқали хавфсизлик қоидалари, амалий тавсиялар ва ўқув материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Янги ўқув марказининг ишга туширилиши вилоятда аҳоли ва ёшларни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, уларнинг хавфсизлик маданиятини ошириш ва турли хавф-хатарларнинг олдини олиш борасидаги самарадорлигини таъминлаш учун зарур шароит яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири