Замонавий туғруқ комплекси иш бошлади
Чирчиқ шаҳрида 13 миллиард 222 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига барча қулайликларга эга замонавий туғруқ комплекси реконструкция ва капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ҳамда вилоят, шаҳар масъуллари, депутатлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Қайд этилганидек, ҳозир шаҳарда 171 минг 608 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар йили 3,5 мингга яқин туғруқлар рўйхатга олинади. Шу кунгача шаҳар аҳолисига Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлик илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида хизмат кўрсатилган эди.
Бугун туғруқ, патология, гинекология, катталар реанимация бўлимлари, шунингдек, чақалоқлар интенсив палаталаридан иборат 101 ўринли мажмуа ўз ишини бошлади. Бинонинг барча хоналари 1 миллиард 836 миллион сўмлик барча тегишли тиббий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, “Ишонч-2030” лойиҳаси доирасида ҳам яна 23 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди.


Тадбирда сўз олганлар ушбу тиббиёт масканида кўп йиллар аҳолига хизмат қилиши, туғилажак фарзандлар эса оилаларга бахт олиб келиши борасида сўз юритди. Шундан сўнг фаоллар томонидан рамзий тасма кесилиб, масканда яратилган шароитлар билан танишилди.
А.Мусаев,ЎзА